Карантин қоидаларига нечоғлик амал қилиняпти?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзолари - М.Абдиева, Ғ.Абдиев, Н.Ризаев ва Е.Комполшиклардан иборат депутатлар гуруҳи давлатимиз раҳбари томонидан коронавирусга қарши курашиш чораларини кучайтириш ва аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган фармон ва қарорларнинг Самарқанд вилоятидаги ижросини ўрганмоқда.

Дастлаб вилоят ҳокимлиги қошида ташкил этилган штабдаги маълумотлар билан танишган депутатлар жамоат жойлари, ташкилот ва идораларда карантин тадбирларининг қандай ташкил этилганлигини ўрганди.

Масалан, Ургут туманида ана шу мақсадлар учун ҳозирга қадар қарийб 350 миллион сўм маблағ ажратилган. Тойлоқ туманида ҳам етарлича ташкилий чоралар кўрилгани боис вазият ижобий томонга ўзгармоқда.

Вилоятда коронавирус инфекцияси биринчи марта 5 апрелда Самарқанд шаҳрида қайд қилинган. Бугунги кунда ушбу инфекцияни юқтирганлар сони 381 нафарни ташкил қилиб, 321 нафари соғайган. Рақамлар ижобий томонга ўзгараётган бўлса-да, ҳали хотиржамликка берилишга эрта. Шу боис, депутатлар жойларда кузатилаётган карантин қоидаларининг бузилишига оид ҳолатларни вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда бартараф этишни йўлга қўймоқда. Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги кўп тармоқли поликлиникада юзага келган дезинфекция йўлакчаси ташкил қилиниб, “Ёшлик” истироҳат боғининг очиқ турган дарвозалари ёпилди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорида санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ҳудудий бўлимлари тиббиёт ходимларининг лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун хавфлилиги ва оғир шароитлари учун белгиланадиган қўшимча тўловлар миқдорини тегишинча 15 фоиздан 50 фоизга ҳамда 40 фоиздан 75 фоизга ошириш белгиланган. Бироқ вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказида ушбу вазифалар ижроси таъминланмаган. Мутахассисларнинг айтишларича, “ҳали-ҳануз юқоридан низом ёки бирор-бир кўрсатма келмабди”. Қизиқ, Президент қарорининг мазмуни пандемия пайтида соҳа ходимларини рағбатлантириб, ўз вақтида қўллаб-қўвватлашдан иборат бўлса-ю, айрим амалдорлар масалага панжа орасидан қараб турса...

Шунингдек, ишчи гуруҳ вилоят ҳудудида профилактик дезинфекция тадбирларининг амалга оширилишини ҳам ўрганмоқда. Маълум бўлишича, ҳозиргача жойларда 328 минг 896 та объектда шу каби тадбирлар олиб борилган.

Олий Мажлис депутатларининг Самарқанд вилоятида пандемия ҳолатини ўрганишлари давом этмоқда.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ.