Карантиннинг яхши томонлари ҳам бор экан...
Янги ҳаётим бошланди, шекилли. Қизларим ва ўғлим катта бўлиб кетишибди. Яхшилаб разм солиб, ҳайрон қолдим. Вақт бунча тез ўтмаса! Кечагина уларни боғчасига, мактабга ташлаб, ишга ўтиб кетардим. Бўйлари бўйим билан тенглашиб қолибди...
Нечанчи синфда ўқишаётган бўлишса? Сўрасаммикин? Йўғ-е, жуда ноқулай. Яхши гурунглашяпмиз, гап-сўзларидан билиб оларман.
Қизим репетиторларга боришни тўхтатдим, дейдими? Қайси фанлардан репетиторга борар экан? Холи қолганимизда хотиндан сўрарман...
Ғалати бўларкан, эрта кетиб кеч тушганда, болалар ухлашга ётганида уйга кириб келадиган одам, нонушта, тушлик ва кечки овқатни биргаликда қилишса.
Оиламиз тарихида бўлмаган вазият. Давлатнинг одами бўлгач, шу-да?! Хотин ҳам овқат қилишни эплар экан, лекин. Чойхонаникидан сира қолишмайди. Фақат улфатлар етишмаяпти-да. Кичкинтойим “Ҳамма уйда бўлса, қандай яхши! Бирга ўйнаймиз, бирга овқатланамиз, бирга ишлаймиз” деб оғзи қулоғида.
Қўшниларим ҳам ёмон одамларга ўхшамайди. Бир парча ҳовлимизга ҳар йили мардикор солиб, у-бу нарса эктирардим. Бу йил хотин “уйдасизку, ўзингиз қилинг”, деб туриб олди. Қўлим кетмон, “лопатка” кўрмаганига юз йил бўлди-ёв. Начора, уйда фақат ётавериш ҳам ярамайди. Ён қўшнимиз узоқ йиллардан сўнг, ниҳоят ўғил фарзандли бўлибди. Суюнчисига қўчқор сўйиб, гўштини тарқатаётган экан, бизга ҳам илинди. Кетмонни шундай ташлаб, болаларимга димлама қилишга киришдим. Ўчоққа ўтин қалаб пиширдим. “Газ турганда, ўчоқ нимаси?” деб хотин гап бошлаган эди “Егач, мазасига баҳо берарсиз”, деб кўнглини олдим.
Яқинларим учун мазали тушлик тайёрладим. Ўзим ҳам яйрадим, болалар ҳам. Рўзғорга қарасам, эркак бажариши лозим бўлган ишлар ҳам кўпайиб қолибди. Жўмрак бузилган, мебелларни қотириш керак, “роковина”дан сув яхши кетмаяпти, дарз кетган ойнани алмаштириш лозим... Эҳ-ҳе, булар менсиз аввал қандай яшашган экан-а?! Аввал уйга фақат ухлаш ва кийим алмаштириш учун келиб кетаверган эканман-да. Ўғлим билан бироз шахмат ўйнаб, кейин бу ишларга киришмасам бўлмайди.
Хотин нима дейди, денг: Яхшиям, карантин эълон қилинибди, энди рисоладагидек оилага айланармишмиз. Бундай деманг, хоним коронавирус жуда хавфли десам, “у яхши одамларга хавф сололмайди” дейди. Муҳими, тозаликка риоя қилиб, уйдан чиқмаслигимиз керак экан. Хотин кишига бир нарса деб, гап уқтириб бўлармиди? “Сизники маъқул”, деб қўйдим...
Ота ҒАЙРАТ.