Кашталарда Наврўз байрами анъаналарига мос урф-одатлар тасвирланди
Хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳрида "Миллий каштачилик" II миллий каштачилик республика кўргазма-савдоси бўлиб ўтмоқда.
Кўргазманинг иккинчи куни Самарқанд вилоятининг Наврўз байрами тадбирларига уланиб кетди.
Бугунги кўргазмада Ўзбекистоннинг барча ҳудуди ҳамда Туркманистонда каштачилик йўналишида фаолият юритаётган 60 нафардан зиёд ҳунармандлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди. Уларнинг ҳар бири тикиб келтирган кашталарда Наврўз байрами анъаналарига мос урф-одатлар тасвирларини кўриш мумкин.
- Самарқандда кўп йиллардан буён шу каби кўргазмалар ташкил этилади, - дейди Туркманистон Республикаси Ашхобод шаҳрида фаолият юритадиган ҳунарманд Лилия Ҳайитова. - Эсимда, илк бор 1998 йилда ҳунармандчилик билан боғлиқ халқаро кўргазмада иштирок этиш учун Самарқандга келгандим. Кеча кўргазмага ўзимизнинг йигирма хилдан зиёд миллий каштачилик маҳсулотларимизни олиб келдик. Туркман кашталарига Самарқандда қизиқувчилар кўп экан. Намойиш этдик, сотдик ва унинг тикилиш жараёнларини кўрсатдик.
Кўргазмада Бухоро, Қашқадарё, Фарғона каштачилиги билан шуғулланувчи ҳунармандлар ва уларнинг маҳсулотларига ҳам қизиқувчилар ва харидорлар кўп бўлди.
- Биз кўргазмага Бухоро вилояти Шофиркон туманидан келдик, - дейди каштадўз Олия Нуруллаева. - 25 йилдан буён каштачилик билан шуғулланиб келаман. Мана, қўлимда туманимизнинг қадимий қалампир нусхалари тасвири туширилган алаф кашталари. Улардан қадимдан уй пештоқларини безаш учун фойдаланишган. Бўлажак келинлар ўз қўллари билан бундай кашталарни тикиб, нималарга қодир эканликларини кўрсатишган. Ҳозирги кунда эса бу кашталаримизга хорижлик меҳмонлар ҳам харидор. Мана буни қаранг, тикилганига 70 йил бўлган қадимги паранжини шогирдларим янгича услубда тикишди. Туманимизда бу каби қадимий кайвони момоларимиздан қолган ҳунармандчилик буюмлари бисёр. Муҳими, биз уларни топиб, меҳр билан қайта ишлаяпмиз ва тикяпмиз.