“Кассандра тамғаси” бугуннинг башоратимиди?

Болалар туғилмаслик учун ҳали она қорнидаёқ сигнал бера бошлайди. “Йўқ, бу ёруғ оламга чиққим йўқ, мен бундай муҳитда яшашни истамайман!” дея бу ҳақда онасига белги жўнатади. Яъни, онанинг пешонасида айрича доғлар пайдо бўлади. Жамият бундай тадқиқотдан ҳайратга тушади. Болалар бу дунёга келишни истамаяпти ахир!

Жамиятда юз бераётган баъзи воқеаларни таҳлил қилар экансиз, беихтиёр Чингиз Айтматовнинг “Кассандра тамғаси” асарида юз берган ҳолатлар хаёлингизда жонланади.

Шу кунларда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда зўравонликлар, айниқса, ёш қизларга нисбатан зўравонликлар ҳақидаги хабарларни ўқиркансиз, беихтиёр унинг илдизлари қаерда, деган савол қаршисида қоласиз. Кассандра тамғаси ёзувчининг хаёлотими ёки башоратимиди?

Намуналиларда ҳам кемтиклар бор

Ҳар бир жиноятнинг ўз илдизлари, сабаблари бўлганидек, зўравонликнинг ҳам биз билмаган, ҳатто тахмин этмаган ўтмиши, асослари бор. Қаердадир ёпиқ кўринишда, қайсидир вазиятда ошкор бўлиб қоладиган ушбу ёвузлик ҳар қандай ҳолатда ҳам бир куни ошкор бўлиши тайин.

Жиноятга қўл урган кўплаб болалар оиласи билан қизиққанман. Барчасида деярли бир хил аҳвол: ўша оилада носоғлом муҳит. Ё ота зўравон, ичкиликка берилган ёки она боласидан юз ўгирган. Бир қараганда масалани ҳал этишнинг ҳеч имкони йўқдай. Ахир фарзандга ота-онадан ҳам яқинроқ инсон бўлиши мумкинки? Агарки ота-онасига керак эмас экан, бу ҳақиқатни англаган бола юрагини нима билан тўлдириш мумкинми? Афсуски, бугун нафақат нотинч, балки намунали ҳисобланиб оилалар фарзандлари орасида ҳам жиноятга қўл уриш ҳолатлари кўп учрамоқда.

- Шу йилнинг ўзида вояга етмаганлар ўртасида содир бўлган ҳуқуқбузарликлар учун 1270 ҳолатда ота-оналарга маъмурий жавобгарлик белгиланди, - дейди вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси масъул ходими Анвар Долиев. – Улар орасида мунтазам дарс қолдириш, енгил тан жароҳати етказиш, ҳақоратлаш каби ҳуқуқбузарликлар мавжуд. Ёшлар орасида бу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун умумтаълим мактабларида инспектор-психолог штатлари жорий этилди, ўқувчилар билан ишлашда улар ўқитувчиларга кўмакдош бўляпти. Кўпчилик ҳуқуқбузарлик содир этган болалар асосан нотинч оилалар фарзандлари деб ўйлашади. Афсуски, ундай эмас. Кейинги пайтда биз намунали деб ҳисоблайдиган оилаларда улғаяяётган фарзандлар орасида ҳам жиноятларга қўл ураётганлари учрамоқда. Нега? Чунки бугун ёшлар тарбияни фақат оила ёки атроф-муҳитдан эмас, балки тарбияга салбий таъсир қилувчи ҳар қандай ахборотдан турли кўринишда (видео, аудио) ҳам олаётгани ҳеч кимга сир эмас. Кимгадир ушбу ахборотлар таъсир қилмайди, аммо инсонлар бир хил бўлмаганидек, интернет оламидаги ахборотлардан турлича таъсирланадиган ўсмирлар ҳам кўп.

 Вилоят ИИБ ҲПБга бевосита бўйсунувчи, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига йил давомида 307 нафар бола олиб келинган бўлиб, шундан 4 нафари содир этган қоидабузарликларига асосан Республика ўқув-тарбия муассасаларига, 8 нафари “SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари” Самарқанд филиалига жойлаштирилган.

***

...Биолог олим Филофей (“Кассандра тамғаси”нинг бош қаҳрамони) илмий тадқиқотлари давомида ақл бовар қилмас янгиликка қўл уради. Унинг янгиликлари тегишли раҳбарларгача етиб боради ва уни ўз ҳузурларига чақиртириб, “Сизнинг кашфиётингиз, таъбир жоиз бўлса, қўлбола биологиянинг кашфиётлари – бу одам табиатига чуқур кириб бориш, аслида эса инсон шахсини қайта қуриш, шахснинг келиб чиқишини, жамиятдаги ўрни ва ролини ўзгартириш, кейинчалик эса сунъий туғиладиганлар матрицасига асосан бутун инсониятни қайтадан яратиш имконияти демакдир…” деб, унинг олдига вазифа қўйишади: “Бутун дунёда коммунизм ғалаба қозониши учун бизга ота-онаси номаълум, сунъий етиштирилган иксзурриётлар керак”.

Улар  инсониятнинг генида мавжуд барча нобопликларни ўзидан соқит қилган қилган ҳолда туғилиши, бир сўз билан айтганда, кимлиги, қаерданлиги, насл-насаби номаълум бўлган, ўтмиши билан қизиқмайдиган иксзурриёдлар керак эди жамиятга. Филофей узоқ йиллик жазога тортилган маҳкумаларни танлаб олиб, ушбу топшириқни амалга оширишни бошлаб юборади. Кейин илмий экспедиция билан космосга учади. Коинотдан туриб, у қанчалик адашгани ҳамда даҳшатли хатога йўл қўйганини англайди. Ахир бу иксзурриётлар улғайиб, ақлини танигач, кимлиги, қаердан пайдо бўлганларига албатта қизиқади ва ҳақиқатни англагач, бутун дунёни остин-устун қилиб ташлайди-ку, ахир...

Муассасалар оилаларга айлантирилди

Бугун фақат нотинч оилаларгина ҳуқуқбузарликлар ўчоғи бўлиши мумкин, деган қарашларга чек қўйиш фурсати келган. Бу масалада қайсидир оила билан алоҳида ишлаб бўлмайди энди. Яна бир ички қоида бор жамиятда: “меҳрибонлик уйлари болалари орасида жиноятчиликка мойиллик кўпроқ бўлади.” Афсуски, бугун жамиятда бунинг аксини ҳам кузатяпмиз, бу муассасалардаги болалар кўпроқ зўравонликка учраяпти.

Болалар алоҳида меҳр истайди, улар ижтимоий муассасага эмас, аниқ бир инсонларга фарзанд сифатида берилиши, оила муҳитида яшаши керак, деган тушунча ва бошқа кўплаб омиллар сабаб бу масалада жиддий ислоҳотлар ўтказилди. 

- Бугунги кунда вилоятда 4088 нафар бола – васийлик ва ҳомийликда, 78 нафар бола “СОС — Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмаси Самарқанд филиалида, 51 нафар бола 9 та Оилавий болалар уйида, 46 нафари вилоят болалар уйида, 41 нафар бола – 28 та патронат оилаларда тарбияланмоқда, - дейилади Болалар масалалари бўйича вилоят комиссияси вакили Ш.Қувватовнинг халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясидаги ахборотида. - Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Етим болалар ва ота-она қармоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Меҳр дафтари” тизими жорий этилиб, ҳозирда 627 нафар бола ушбу платформага киритилган. Шулардан 576 нафар боланинг орзу-истаклари ўрганилиб, уларга 130 турдаги 1257 та маҳсулотлар олиб берилди. Жумладан, 224 дона ноутбук, 42 дона планшет, 47 дона телефон, 22 комплект спорт анжомлари, 52 дона велосипед, 96 та мебель жиҳозлари, 73 дона тикув машинаси, 80 дона бадиий ҳамда тилларни ўргатишга қаратилган китоблар ва шу каби нарсалар болаларнинг муаммоларини ҳал этиш, истеъдодли болаларни қўллаб-қувватлаш, ҳаётга тайёрлаш, уларнинг таълим-тарбиясини ташкил этиш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш мақсадида харид қилинди.

2022 йилда 36 нафар етим бола уй-жой билан таъминлаган бўлса, жорий йилда 48 нафар бола уй-жой учун навбатга қўйилган.

Жорий йилнинг биринчи уч ойлиги мобайнида вилоятда 98 нафар бола ота-оналарининг нотариал розилиги ва суд қарорига асосан қариндошларига, 5 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола эса фарзанд асраб олиш истагида бўлган оилаларга берилган. Бундан ташқари, ишлаш учун чет давлатга кетган ота-оналарнинг 580 нафар фарзандлари ҳамда ота-она қармоғидан маҳрум бўлган 51 нафар болага васийлик ва ҳомийлик тайинланган.

Аммо камчиликлар ҳам йўқ эмас. Мисол учун, мактаб психологлари томонидан нотўлиқ ва носоғлом оиладаги ўқувчилар билан алоҳида ишлаш ташкил этилмаган. Маҳалла томонидан шундай оиладаги ижтимоий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмаган. Маҳалла хотин-қизлар фаоллари томонидан ушбу тоифадаги оилалар бекалари билан манзилли иш олиб борилмаганлиги оқибатида аксарият қизлар нотўғри йўлга кириб қолмоқда.

***

...Аслида Филофей ким? Асар давомида унинг аслида ўз туққан онаси меҳрибонлик уйига ташлаб кетгани маълум бўлади. “Ўшанда, – эслайди Филофей, – қалин қор эди. Мен ўша субҳи содиқ пайтини эс-эс биламан десам, бунга ҳеч ким ишонмайди, албатта. Наилож, тўғрисини гапираман. Ўшанда қулоғимга онамнинг қадамлари остида қорнинг ғарч-ғурч овози эшитилган. Ёдимда, онам ўша қиш куни, каллайи саҳарда шоша-пиша қадам ташлар эди. Эсимда, у безовталаниб мени бағрига босар, дам-бадам сесканиб чўчиб тушар эди, онам юрагининг қўрқинч аралаш гупиллаб урганини менинг нораста танам сезар эди…”

Ўқишни битиради ва биолог олим бўлиб етишади, оламшумул кашфиётларга қўл уради. “Менинг омадим чопди, – дейди у ўз мактубида, – бу соҳада манфаатдор ташкилотлар ёрдами ҳам чакки бўлмади, лекин бу ҳақда алоҳида гапирамиз, мен бўлсам, муваффақиятлардан илҳомланганимдан, шиддат билан, куч тўплаган қовоқ арига ўхшаб, фан пайкали устида парвоз қилар эдим; мен кашфиётдан-кашфиётга учиб, олдинлари ҳеч кимга маълум бўлмаган фикр-ғоялар шовқинидан гангиб юрар, ана шу соҳада абадийлик сир-асрорининг муаллифи – Аллоҳ таолонинг ўзини ҳам орқада қолдиришга тайёр эдим. Мен илмий экспериментлар доирасида бўлса-да, ота-оналар хоҳлашадими-йўқми, кимнинг ёруғ дунёга келиши, қандай туғилиши, қандай ота-оналардан туғилишини шахсан ўзим ҳал қилар эдим, уларнинг уруғларидан нима ярата олишимни билишса эди…”

 Гулруҳ Мўминова.

(Давоми бор)