«Катта дубулға» турнири: Ўзбекистон 13-ўринда

1-3 апрель кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида дзюдо бўйича «Катта дубулға» туркумига кирувчи навбатдаги мусобақа бўлиб ўтди.

Унда 4 қитъадаги 63 та давлатдан жами 525 нафар дзюдочи 3 кун давомида 14 та вазн тоифасида баҳс олиб борди. Улар орасида Ўзбекистон терма жамоасининг 17 нафар дзюдочиси ҳам ғолиблик учун татамига чиқди.

Мусобақа якунида 2 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритган жамоамиз 63 та давлат орасида 13-ўринни эгаллади. Грузия терма жамоаси 2 тадан олтин ва 2 та кумуш медаль билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.

Мусобақада Самарқанддан 66 килограмм вазнда иштирок этган Сардор Нуриллаев бронза медалини ҳамда 52 килограмм вазнда қатнашган Диёра Келдиёрова кумуш медални қўлга киритди.

Қуйида Анталия «Катта Дубулға» турнирида совриндор бўлган спортчиларимиз билан танишинг:

Кумуш медаль

-52 кг: Диёра Келдиёрова,

+100 кг: Алишер Юсупов,

Бронза медаль

-60 кг: Дилшодбек Баратов,

-66 кг: Сардор Нуриллаев,

-81 кг: Шарофиддин Болтабоев.

Таққослаш учун: Ўзбекистон терма жамоаси ўтган йилги Анталия «Катта Дубулға» турнирида битта олтин медални қўлга киритган эди. Ўшанда Диёра Келдиёрова ўз вазн тоифасида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган.