“Катта террор”: Жадидчилар нега отувга ҳукм қилинган?

Самарқандда кўплаб жадидлар ватан озодлиги, мустақиллиги йўлида қаҳрамонона кураш жабҳаларида қурбон бўлган.

1937-1938 йиллардаги “катта террор” сиёсатида қатағон қилинган самарқандликларни эсга олиб ўтишни лозим кўрдик.

Анқабой Худойбахтов – 1905 йил Самарқанд области Жиззах уезди Ўсмат қишлоғида туғилган. Отаси билан онаси 1916 йили вафот этгач, 11 ёшидан кичик ёшдаги укалари тирикчилиги ташвишида бўлган, ноиложликдан укаларини одамларга тарқатган, ўзи Жомбой туманига келиб, 1918 йилгача ҳар хил шахслар хўжалигида батраклик қилган, 1918-1920 йилларда Жомбойдаги оч қолган болалар етимхонасида ҳаёт кечирган.

1920 йилдан 1922 йилгача Самарқанд маориф институтида, сўнгра Тошкентдаги Ленин номидаги коммунистик университетда ўқиган, 1924-1925 йилларда “Зарафшон” газетаси масъул муҳаррир ўринбосари, айни вақтда комсомол газетасига муҳаррирлик қилган, 1925 йили партияга кирган. 1925-1928 йилларда Москвада журналистика давлат институтида ўқиган, Москвада таълим олаётган, хизмат сафарида таниқли жадидлар билан яқиндан алоқада бўлган, жадидчилик ғояларини қабул этган. Москвадан қайтиб келгач, “Зарафшон” газетаси масъул муҳаррири бўлган, 1929-1930 йилларда Республика касаба союзи органи “Ишчи” газетаси муҳаррири, 1933-1930 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети партия нашриёти бош муҳаррири, 1929 йилдан Матбаачилар уюшмаси раиси, 1936 йилдан Республика радио комитети раиси бўлиб ишлаган.

СССР Олий суди ҳарбий коллегияси сайёр сессиясининг 1938 йил 5 октябрдаги йиғилишида Анқабой Худайбахтов отувга ҳукм қилинган, ҳукм ўша куни ижро этилган.

Заки Сатторов 1904 йили 15 мартда Татаристоннинг Абдри қишлоғида туғилган. 1930 йили Зарафшон партия ташкилотида партияга қабул қилинган. Самарқанддаги интернатда 4-синфни битирган, 1922 йил 25 мартидан 1923 йил январигача Сарабош қишлоғидаги Бобомурод халфада батрак, Самарқанд области Довул волостидаги Имомназар Бобоназар бойда хизматкор, 1923 йил 1 ноябрдан 1925 йил 10 октябргача Искандар қишлоғидаги “Искандар” номли уруғчилик хўжалигида, 1925-1926 йиллари Бокуда темир-йўл қурилишида, 1926-1927 йиллари Каттақўрғон уезди Чамбой волости ижроият комитетида масъул котиб, 1932 йилгача Мирбозорда Нарпай район колхозлар союзи раиси, 1932 йилдан 1933 йил октябргача “Колхоз йўли” газетаси таҳририятининг Андижон ва Асака шаҳарларидаги маҳсус мухбири, сўнгра Марҳамат районидаги “Сталинчилар овози” газетаси муҳаррири, МТС сиёсий бўлим бошлиғи, райижрокўм раиси, 1931 йил 1 октябридан 1937 йил 28 мартгача “Ленин йўли” газетаси масъул муҳаррири бўлиб хизмат қилган. Шахсий варақасидан турк, рус, қозоқ, ўзбек, татар тилларини билиши қайд этилган.

1937 йил 27 майда партиявий ҳушёрликни сусайтиргани, муҳаррирлигида газета саҳифаларида жадидчилик ҳақида мақола ва хабарлар берганликдаги айби билан унга қатъий ҳайфсан эълон қилинган.

СССР Олий суди ҳарбий коллегияси сайёр сессиясининг 1938 йил 13 октябрдаги йиғилиши Заки Қиёмович Саттаровни отувга ҳукм қилган, ҳукм ўша куни ижро этилган.

Ҳикматулла Хисматов 1898 йили Самарқандда туғилган, Тошкент шаҳар Абдулла Тўқаев кўчаси 9-уйда яшаган, “Ўзбекбирлашув” раиси бўлган. Қўлимизда 1937 йил 2 октябрда Тошкентда маҳбус Ҳикматулла Хисматовнинг ЎзССР Ички ишлар халқ комиссарлиги 3-бўлим бошлиғи Лисицинга ёзган аризаси. Унда шундай ёзилган: “1919 йилдан 1921 йилгача, кейин 1931-1937 йилларда “Иттиҳод ва тараққий” ва “Иттиҳод ислом” аксилинқилобий партия сафида бўлганман.

Партия ва ҳукумат олдида ўзимнинг оғир жиноятга йўл қўйганлигим боис ҳаққоний кўрсатма бериш ва узил-кесил ўз қуролимни топширишга тайёр эканлигимни изҳор этаман.

Файзулла Хўжаев раҳбарлигидаги миллатчи ташкилотда 1931 йилдан бошлаб менинг иштирокимни ва шахсан у томонидан ёлланганимни тан оламан.

Юқорида қайд этилган ўзимнинг аксилинқилобий миллатчи ташкилотдаги фаолиятим тўғрисида кенг ва ҳаққоний кўрсатма бераман. Тошкент 2/X-1937 йил”.

Орадан 6 кун ўтиб 8 октябрда тергов бераётган Ҳ.Хисматов Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарларига ариза билан мурожаат қилган. Маҳбуснинг ҳар икки мурожаати ҳам эътиборга олинмаган.

 Усмон Абдурашидов 1886 йили Кузнецк райони Алеева қишлоғида туғилган, миллати татар, хизматчи, 1918 йилдан ВКП(б) аъзоси, Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри, Ленин кўчаси 15-уйда истиқомат қилган.

Айблов тергов материалларида Абдурашидов аксилинқилобий ташкилот раҳбари, Каттақўрғон район партия комитетининг секретари Муҳаммадқулов томонидан 1936 йил январь ойида аксилинқилобий ташкилотга тортилгани, унинг топшириғига кўра Ўзбекистонда совет ҳокимиятини ағдаришга қаратилган, қуролли қўзғолон йўли билан буржуа миллатчи давлат ташкил этишга ҳаракат қилганликда, амалда аксилинқилобий фаолият олиб бориб, бу ташкилотга собиқ қулоқлар ва советларга қарши унсурлардан 10 кишини ёллаганлиги, аксилинқилобий йиғинларда кўплаб қатнашгани, Сталин конституциясини сохталаштириш учун кураш олиб боргани акс этган.

СССР Олий суди ҳарбий коллегиясининг 1938 йил 15 октябрдаги сайёр йиғилишида ЎзССР Жиноят Кодексининг 58, 64, 67-моддалари билан айбланиб олий жазога ҳукм этилган, ҳукм ўша куниёқ ижро этилган.

Усмон Акромий 1903 йили Наманганда туғилган, партиясиз, Самарқанд шаҳрида “Қизил Ўзбекистон” газетаси адабий ходими бўлиб ишлаган. 1929 йил 11 декабрда ОГПУ ходимлари томонидан қамоққа олинган. “Миллий истиқлол”нинг Наманган филиали котиби бўлганликда, янги аъзорларни ташкилотга жалб қилганликда айбланган. ОГПУнинг 1931 йил 25 апрелдаги қарори билан РСФСР Жиноят кодексининг 58-моддаси, 4 ва 10-бандлари билан айбланиб, 10 йил концлагерга ҳукм қилинган, 1989 йил 29 мартда реабилитация қилинган.

Ҳожи Муин Шукрулло ўғли – 1883 йили Самарқандда таваллуд топган, маърифатпарвар, журналист, шоир ва драматург, Самарқандда 1903 йили дастлабки жадид мактабини очган, “Раҳнамои савод” алифбоси дарслигини ёзган, “Самарқанд” газетаси ва “Ойна” журналида ишлаган, Самарқандда “Ҳуррият”, “Меҳнаткашлар товуши”, “Зарафшон” газеталари, “Машраб”, “Мушфиқий” журналлари ва бошқа матбуот нашрларида ишлаган, 1929-1932 йиллари Сибирда сургунда бўлган, сургундан қайтгач нашриёт ва газетада муҳаррирлик қилган. 1938 йил 24 январда Самарқандда ҳибсга олинган, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган, ҳукмни ўташ чоғида Пермь вилояти Соликамск шаҳрида 59 ёшида 1942 йил 27 июнда ҳалок бўлган.

Муродхўжа Аллахўжаев 1890 йили Самарқанд шаҳрида туғилган, партия аъзоси, Самарқанд шаҳрида ўқитувчи, оиласи ҳақида маълумот йўқ. 1930 йил 29 августда қамоққа олинган. “Миллий истиқлол”га аъзо бўлганликда, Самарқандда ташкилий ва сафарбар қилувчи ишлар олиб борганликда, “Миллий истиқлол” мафкурасини тарғибот қилганликда айбланиб, РСФСР Жиноят Кодексининг 58-моддаси 4-банди ва 10-моддаси 2-банди билан айбланган. ОГПУ Коллегияси 1931 йил 25 апрелда 5 йил муддат билан концлагер қамоқхонасига ҳукм этган. 1989 йил 30 мартда реаблитация қилинган.

Рустамбек Шамсутдинов,

тарих фанлари доктори, профессор, Марказий Осиё фан, маданият ва санъат академияси академиги.