Улар “Катта террор” қурбони бўлишган

Самарқандда кўплаб жадидлар авлоди ватан озодлиги, мустақиллиги йўлида қаҳрамонона кураш жабҳаларида қурбон бўлган.

1937-1938 йиллардаги “катта террор” сиёсатида қатағон қилинган самарқандликларни эсга олиб ўтишни лозим кўрдик.

Зайниддин Насриддинов 1869 йили Самарқанд шаҳрида туғилган, собиқ волост бошқарувчиси, руҳоний, имомнинг ўғли, «Миллий иттиҳод» аъзоси, ҳибсга олинган пайтда “Трансторгпит”да тайёрловчи бўлиб ишлаган. Унга аксилинқилобий йиғинларда иштирок этган, аксилинқилобий иғвогарлик тарғиботи олиб борган, деган айб қўйилган, 8 йил қамоқ жазосига ҳукм этилган, жазо муддати 1937 йил 10 сентябрдан ҳисобланган.

Мулло Ҳусаин Саидов 1897 йили Каттақўрғон шаҳрида туғилган, қулоққа тортилган, «Миллий иттиҳод» аксилинқилобий ташкилотининг аъзоси, 1932 йили ЎзССР Жиноят кодексининг 66- ва 175-моддалари бўйича 5 йил қамоққа ҳукм этилган, ҳибсга олинган пайтда аниқ машғулоти бўлмаган. ЎзССР ИИХК Самарқанд сектори 11259-сонли иш бўйича Мулло Ҳусаин аксилинқилобий, миллатчи ташкилот аъзоси сифатида босмачилик даврида 500 кишидан иборат босмачилар тўдасини ташкил этганликда айбланиб, 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган, муддати 1937 йил 1 октябрдан ҳисобланган.

Иноят Ҳидоятбеков – Тула (Иноятилла бўлса керак – Р.Ш.) ЎзССР ИИХК Самарқанд сектори 11252-иши бўйича айбланган. У 1897 йили ЎзССР Каттақўрғон шаҳрида туғилган, собиқ қулоқ, «Миллий иттиҳод» аксилинқилобий ташкилоти аъзоси, ҳибсга олинган вақтда новвойхонада ҳисобчи бўлган, босмачилик даврида босмачилар тўдасини ташкил этганликда айбланиб, 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган, муддати 1937 йил 20 сентябрдан ҳисобланган.

Рўзиқул Юсупов 4670-сонли иш бўйича айбланган, 1896 йили Самарқанда шаҳрида туғилган, партиясиз, ўзбек, икки марта судланган. 1918 йилдан 1924 йилгача ВКП(б) аъзоси, руҳонийлик фаолияти ва маънавий-маиший бузуқликда айбланган. 1921 йилдан “Миллий истиқлол” аксилинқилобий, миллатчи ташкилот аъзоси бўлган, шу ташкилотнинг Самарқанд филиали маркази раҳбарлигида бўлган, доимий равишда аксилинқилобий, таслимчилик характерида тарғибот олиб борганликда, яъни ЎзССР Жиноят Кодексининг 66-моддаси билан айбланиб, 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, муддати 1938 йил 10 августда ҳисобланган.

Иноятулла Абдухолиқов 1153-сонли иш бўйича ЎзССР Ички ишлар халқ комисарлиги Самарқанд сектори томонидан айбланган, Каттақўрғонда яшайди, йирик савдогар, 1933 йили солиқни тўламагани учун 3 йил қамоқ жазосига ҳукм этилган. “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий миллатчи ташкилот аъзоси, қамоққа олинган вақтда Каттақўрғон шаҳрида архивтуристда ишлаётган бўлган. У босмачилик даврида 400 кишидан иборат босмачилар тўдасини ташкил этган, 1925 йили ўзининг хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, қулоқ хўжаликлари уйларини миллийлаштириш бўйича маҳаллий хўжалик архивини ёқиб юборган. 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазо муддати 1937 йил 19 сентябрдан ҳисобланган.

Абдуҳаким Ҳотамов 5766-сонли иш бўйича (1883 йили туғилган, Самарқанд шаҳридан, собиқ оқсоқол, “Шўрои Ислом” миллатчи аксилинқилобий ташкилот аъзоси, ҳибсга олинган вақтда дўкон мудири) 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган, жазо муддати 1937 йил 11 сентябрдан ҳисобланган. Харидорлар орасида очарчилик тўғрисида миш-мишлар тарқатганликда, озиқ-овқат маҳсулотларини сотишни атайин кечиктирганликда айбланган.

Рустамбек Шамсутдинов,

тарих фанлари доктори, профессор, Марказий Осиё фан, маданият ва санъат академияси академиги.

(Давоми бор).