Каттақўрғонда ишига нолойиқ маҳалла раисига чора кўрилди
Жорий йилнинг 16 апрель куни ижтимоий тармоқда Каттақўрғон шаҳридаги маҳаллалардан бирининг раиси билан аҳоли ўртасида келишмовчилик юкзага келгани ҳақида видео тарқалди.
Каттақўрғон шаҳридаги Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зокиржон Раимов кечки пайт маст ҳолатда ўз маҳалласидаги фуқаролар билан жанжаллашиб, уларни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилган. Ишдан сўнг у бошқа инсонлар каби эркин бўлишини пеш қилиб одоб-аҳлоқ қоидаларини қўпол равишда бузган ва номуносиб хатти-ҳаракатларни содир этган.
Ушбу ҳолат юзасидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида маҳалла раисига нисбатан тегишли чора кўрилди, деб хабар бермоқда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.
Каттақўрғон туман маъмурий судининг қарорига кўра, Зокиржон Раимовга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан энг кам иш ҳақининг 10 (ўн) баравари миқдорида, яъни 2 027 300 (икки миллион йигирма етти минг уч юз) сўм жарима жазоси тайинланди. Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Каттақўрғон шаҳар кенгашининг буйруғига асосан маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ваколати муддатидан олдин тугатилди.