Каттақўрғонда олиб қочилган “Нексия” эгасига қайтарилди

2019 йил 22 август куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида яшовчи 29 ёшли Ҳ.Р. ИИБга мурожаат қилиб, шу йил 21 август куни соат 23:00 ларда номаълум шахс унинг уйи олдида эшиклари очиқ ҳолда қаровсиз қолдирилган “Нексия” русумли автомашинасини ҳайдаб қочганлигини маълум қилган.

Олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида автомашина Самарқанд тумани Гулистон маҳалласи ҳудудидан техник соз ҳолда топилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Каттақўрғон тумани Кумушкент маҳалласида яшовчи 23 ёшли Ж.О. содир этганлиги аниқланиб ушланган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар беришича, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.