Собиқ МИБчиларга оид жиноят иши тугатилди: улар истеъмолчиларга катта миқдорда сохта қарз “илишган”ди
Бу учовлонга 2021 йил 25 мартда жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳукми ўқилганди. Унга кўра, судланувчиларнинг ҳар бири 1 йил муддатга корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 2 августдаги ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.
Лекин Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2021 йил 8 ноябрдаги ажрими билан ажрим бекор қилиниб, жиноят иши янгидан кўриш учун юборилган.
Хўш, судланувчилар ўзи қандай жиноят содир этишган?
Аслида 32, 34 ва 40 ёшдаги бу йигитлар Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлимининг энергия ресурслари, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматидан фойдаланиш тартибини назорат қилиш шуъбаси давлат инспектори вазифасида ишлаган.
Улар тегишли ҳудуддаги аҳоли хонадонида истеъмол қилинган электр энергиясининг ҳақиқий сарфини аниқлаш учун ўрнатилган электр ҳисоблагични жойида кўриб, истеъмол қилинган кВт/соат энергия кўрсаткичлари маълумотларини “MIB Inspector” дастури юкланган мобил қурилма орқали ўзига бириктирилган логин ва парол ёрдамида “Электрҳисоб” дастурига масофадан туриб киритиши лозим бўлган.
Бироқ собиқ МИБчилар ҳар бири 30 ва ундан кўп ҳолатда аслида истеъмол қилинмаган юзлаб миллион сўмлик электр энергияни гўёки истеъмол қилинганлиги ҳақида бўлган ахборотни ёлғон эканлигини била туриб, қасддан ушбу ёлғон ахборотни “Электрҳисоб” дастурига киритган. Бу орқали компьютер тизимида сақланаётган ахборотни қонунга хилоф равишда ўзгартириб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига, давлат ва жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар етказишган.
Уларнинг иши жорий йил 14 апрель куни вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Судлов ҳайъати судланувчи Х.Галаев, Ғ.Жўраев ва О.Жўраевларнинг айбдорлигига оид етарли далиллар тўпланмаганини, жиноят иши бўйича фуқароларга, давлат ёки жамоат манфаатларига реал зарар етказилганлигини аниқлаш имкониятлари қолмаганини, уларнинг муқаддам судланмаганини ва содир этилган ҳаракатлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар турига киришини инобатга олиб, қилмишни, шунингдек, судланувчиларни ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган шахс деб топди.
Собиқ МИБ ходимларига нисбатан қўлланилган “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” эҳтиёт чораси бекор қилиниб, уларга нисбатан юритилган жиноят иши тугатилди.
Ё.МАРҚАЕВ тайёрлади.