Жиноятни ҳисобдан яшириш 2 баробар кўпайган

Вилоят прокуратура идоралари томонидан 2021 йилнинг иккинчи ярмида жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва қонуний ҳал қилиш устидан қатъий назорат ўрнатилган. Натижада ноқонуний қарор қабул қилиш ва қайд этмаслик йўллари билан ҳисобдан яширилганлиги аниқланган жиноятлар сони 2 бараварга кўпайиб, 527 тани ташкил қилган.

Яна бир муаммоли масала – маҳалла ва оилаларда осойишталикни таъминлаш, низо ва зиддиятларни бартараф этишдаги камчиликлар оқибатида 11 та туман ва шаҳарда қотиллик жинояти кўпайган. Эътибор беринг, 56 та қотилликнинг 34 таси ёки ярмидан кўпи қариндош-уруғлар ёхуд қўни-қўшнилар ўртасидаги низолар оқибатида содир этилган.

Қийноқлар учун 7 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган
Жиноят процессида айбга иқрорлик тўғрисида келишув, кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш, дастлабки эшитув каби инсон ҳуқуқларининг ҳимоясини мустаҳкамлашга доир институтлар 2021 йилдан амалга киритилди. Шу асосда тергов ва тезкор фаолиятда шахсни таҳқирлаш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича кескин чоралар кўрилмоқда. Хусусан, қийноққа солиш ҳолатлари юзасидан 6 та жиноят иши қўзғатилиб, 7 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган.

Прокурорлар ташаббуси билан 6 киши оқланган
Прокурорлар фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши бу судлардаги иштирок билан боғлиқ. Ҳисобот йилида 44 236 та иш кўрилишида прокурор иштироки таъминланиб, судларнинг 120 дан ортиқ ноқонуний қарорлари прокурорлар протестлари асосида қонунларга мослаштирилган.
Прокурорлар ташаббуси билан 6 нафар шахсга оқлов ҳукми чиқарилган.