“Келажак лидерлари” ўқитилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда истиқболли ёшларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш мақсадида “Келажак лидерлари” махсус интенсив малака ошириш дастурининг биринчи мавсуми 2021 йилнинг февраль-апрель ойларида ташкил этилди.
Дастур муваффақиятли якунланиб, битирувчилар раҳбар лавозимларига тавсия этилди ҳамда миллий кадрлар захирасига киритилди.
Шиддат билан ўзгараётган даврга тез мослаша оладиган, ўзгаришларни давлат хизматига кенг жорий қила оладиган ва энг муҳими, халқчил янги авлод кадрлар захирасини шакллантириш, истиқболли ёш давлат хизматчиларида раҳбарлик кўникмаларини шакллантириш ва кейинчалик уларни раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш мақсадида “Келажак лидерлари” махсус малака ошириш дастурининг 2-мавсуми учун ўрта бўғин бошқарув кадрлари ва мутахассислари саралаб олинди.
Республиканинг 94 та давлат органи ва ташкилотидан тавсия этилган ҳамда агентлик томонидан ташкил этилган телеграм-бот орқали ариза топширган, 25 ёшдан 35 ёшгача бўлган 1862 нафар давлат хизматида фаолият юритаётган ўрта бўғин бошқарув кадрлари ва мутахассислари орасидан тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш кўникмасига эга, стратегик фикрловчи, кенг қамровли ислоҳотлар ва имкониятларни олдиндан кўра оладиган 54 нафар ёш танлаб олинди.
Саралаш ишлари давомида шахсий маълумотномани баҳолаш тизими орқали 294 нафар номзод, давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули ёрдамида тест синови орқали 194 номзод сараланди. Агентлик ходимлари томонидан амалга оширилган суҳбат-ассесмент босқичи якунларига кўра, 54 нафар (19 фоиз тингловчилар хотин-қизларни ташкил этади) ёш кадрларнинг номзоди дастур тингловчилигига қабул қилишга тавсия этилди.
“Келажак лидерлари” махсус малака ошириш дастурининг навбатдаги мавсуми 24 март - 26 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилди. Дастур тўрт босқичда - аудиторияда назарий, стажировка-дублёрлик, маҳаллада амалиёт, маҳаллий ва хорижий стажировка асосида ўтказилди. Тингловчилар икки ҳафта давомида маҳалла раислари дублёри, ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси, маҳалладаги ёшлар етакчиси сифатида амалий ишга жалб этилди.
Дастур давомида тингловчилар давлат фуқаролик хизмати ҳуқуқий асослари ва кадрлар сиёсати, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, глобал бошқарув ва жаҳон сиёсати ва бошқа долзарб мавзуларда билим ва кўникмаларини оширдилар. Маҳаллалардаги амалиёт ҳамда хорижий стажировка интенсив тарзда эгаллаган билимларини мустаҳкамлашга ёрдам берди.
Якуний натижа сифатида ўқув дастури талабларини муваффақиятли бажарган, мақсадли битирув лойиҳа тақдимотини намунали амалга оширган тингловчиларга белгиланган шаклда сертификат берилди.
Шероз Абдувалиев,
“Келажак лидерлари” махсус интенсив малака ошириш дастури 2-мавсум тингловчиси.