Кейинги 2 йилда самарқандлик боксчи қизлар иккинчи марта "эркак" рақибларга қарши жанг қилди

«Эркакликда гумон қилинган» боксчидан ютқазган Ситора Турдибековага IBA 100 минг АҚШ доллар беради.

Булунғурлик боксчи Ситора Турдибекова Париждаги ёзги олимпия ўйинлари дастурида Хитой Тайпейи вакили - "эркак" боксчига қарши жанг қилиб, очколар ҳисобида мағлуб бўлди ва олимпия ўйинларидаги юришини тўхтатди. Жанг якунида Ситора Турдибекова рақибга қўл узатишни ўзига эп кўрмади, кўзида ёш билан мусобақани тарк этди. 

Аслида на эркак, на аёл бўлган бу "боксчи" устидан Ситора ғалаба  қозонди, унга муносиб қаршилик кўрсатди. Бироқ "эркак" боксчи Ситорадан устун келди. 

2023 йилда Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) Юй Тинг Линни 2019 йилги бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олган бронза медалидан маҳрум қилган эди. 

Сабаб — у жинсни аниқлаш тестидан ўта олмаган, яъни аёл экани исботланмаган. Эътиборлиси, Юй Тинг Лин бунга эътироз билдирмаган. 

Афсуски, Халқаро Олимпия қўмитаси бундай деб ҳисобламади ва унга олимпиадада иштирок этишга рухсат берилди. Қолгани сизга маълум. 

Ўтган йили март ойида Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида аёллар ўртасида бокс бўйича жаҳон чемпионатида -66 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган жомбойлик боксчи Навбаҳор Ҳамидова бронза медални қўлга киритган эди. 

У чорак финалда жазоирлик Имане Хелифга имкониятни бой берган, кейинчалик жазоирлик боксчи дисквалификация қилинди ва унинг ўрнига Навбаҳор ярим финалчи сифатида қайд этилганди. 

Сабаби - жазоирлик Имане Хелиф кейинроқ бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати пайтида генетик текширув натижасида эркак киши эканлиги аниқланган эди.

Бунгача у Навбаҳор Ҳамидовани ҳам очколар бўйича ютганди. Хелиф дисквалификация қилиниши натижасида ҳамюртимизга ҳақли равишда бронза медали тақдим этилганди. Энг қизиғи, Имане Хелиф 2022 йилги ЖЧда кумуш медалини қўлга киритган. Ҳатто олимпиадада ҳам қатнашган. 

Янаям қизиғи, жазоирлик ушбу "эркак боксчи"  Парижда ўтказилаётган Олимпия ўйинларида яна аёллар баҳсида иштирок этмоқда. бундан икки кун аввал, Олимпия ўйинларидаги мусобақада жазоирлик аёл (эркак) ва италиялик аёл ўртасидаги жанг 46 сониядан сўнг тугади - италиялик қиз жангни давом эттиришдан бош тортди ва жазоирлик боксчи ғалаба қозонди. 

Юй Тинг Линни ҳамда Имон Хелиф ўзларини аёл деб билади ва аёллар ўртасидаги бокс турнирларида қатнашиб, жангда аёлларни ҳеч қандай муаммосиз енгмоқда.

***

Халқаро бокс ассоциацияси IBA президенти Умар Кремлев Париж Олимпиадасида адолатсизликка учраган боксчи қизларга 100 минг доллар беришини эълон қилди 

Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) хулосасига кўра, Хитой тайпейилик Лин Юй-Тинг эркак деб топилган.

Олимпиаданинг бокс баҳсларида ҳамюртимиз Ситора Турдибекова айни шу боксчидан мағлубиятга учради. IBA президенти Умар Кремлев эса мазкур ҳолатни Халқаро Олимпия қўмитаси учун шармандалик эканлигини таъкидлаб, эркак боксчиларга қарши рингга кўтарилган аёл боксчилар IBA томонидан 100 минг АҚШ доллари билан тақдирланишини маълум қилди.

"IBA Олимпиадада адолатсизликка учраган боксчи қизларни 1-ўринга бериладиган пул маблағлари миқдорида мукофотлайди. Биз барчани ҳимоя қиламиз ва, албатта, гендер дискриминациясини ҳам. Ҳозир Олимпия ўйинларида содир бўлаётган воқеалар барча замонларнинг энг шармандали ҳолати», — деб ёзди Кремлев ўз саҳифасида.

Халқаро олимпия қўмитаси олимпиадаларда бундай ҳолатларга йўл қўяверса, мусобақаларнинг обрўси ва нуфузи тушиб кетади. Шу билан бирга, олимпиадаларда иштирокчи давлат ва спортчилар сони ҳам камаяди. Шу ўринда Миллий олимпия қўмитамиз масъуллари бу каби ноҳақликлар ва адолатсизликлар ҳақида аппеляция берса, муносабат, эътироз билдирса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Фазлиддин Рўзибоев.