Кичик ҳимоячилар катта қадам ташлаб, жасоратли бўлишга ваъда берди

2025-2026 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида умумий ўрта таълим мактаблари негизида биттадан “Жасорат мактаби” фаолияти йўлга қўйилди.

Улар умумтаълим муассасалари учун ҳарбий ватанпарварлик йўналишида таянч мактаб сифатида ташкил этилган бўлиб, болаларни Ватанга садоқат руҳида, жисмонан соғлом ва маънан етук қилиб тарбиялаш мақсадида фаолият олиб боради.

Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотлари ўз фаолият йўналишидан келиб чиққан ҳолда “Жасорат мактаблари”га услубий ёрдам кўрсатувчи муассаса сифатида бириктирилди.

Ўқишга қабул қилиш 5-синф ўқувчилари ўртасида икки босқичдан иборат бўлиб, 1-босқич тест, 2-босқич жисмоний тайёргарлик машқлари имтиҳонлари орқали амалга оширилади. Ҳар бир туман (шаҳар)дан 26 нафардан баллар кетма-кетлиги бўйича энг юқори натижага эришган ўғил-қизлар, жумладан вилоят бўйича 416 нафар ўқувчи мактабга қабул қилинди.

Самарқанд шаҳридаги Кичик сержантлар тайёрлаш марказида “Жасорат мактаби”га қабул қилинган ўқувчиларнинг тантанали ваъда бериш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар вакиллари, фахрий ҳарбийлар ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари иштирок этди ва ёшларни табриклади.

– “Жасорат” синфларида математика, чақирувга қадар ёшларни бошланғич тайёрлаш, тарих, жисмоний тарбия, чет тили ва физика фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. – Ўқув машғулотлари икки шаклда — назарий ҳамда ўқув-дала машғулотлари шаклида ташкил этилади. Ўқув йили давомида икки марта ҳарбий полигонларда ва ҳар чоракда бир марта ҳарбий қисмларда амалий машғулотлар ўтказилади. Мактабга қабул қилинганлар ҳали кичик, лекин Ватан ҳимояси учун катта қадам ташлаяпти.

“Жасорат мактаби”ни аъло баҳоларга тугатган, “Ватан таянчи” отряди аъзоси бўлган бир нафар ўқувчига Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган танлаб олиш тартибига мувофиқ, олий ва ҳарбийлаштирилган ҳамда юридик таълим муассасаларига кириш учун имтиёзли тавсияномалар берилиши кўзда тутилган.

Фазлиддин Рўзибоев.