Кимё ва биология бўйича миллий сертификатга эга ўқувчилар ОТМга киришда тестдан озод бўлади
“Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда ҳуқуқий ахборот канали хабар бермоқда.
Қарорга мувофиқ, республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14 та таянч ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади.
Шунингдек, республика туман (шаҳар)ларида босқичма-босқич кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 150 та мактаблар ташкил этилади.
Ихтисослаштирилган мактабларда кимё ва биология фанларини самарали ўқитишни мувофиқлаштириш учун уларга ОТМларнинг 55 та кафедралари бириктирилади.
Ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинган кимё ва биология фанлари ўқитувчилари ҳамда раҳбар кадрларининг базавий тариф ставкасига нисбатан амалда белгиланган устама ҳақи миқдори 2021 йил 1 январдан бошлаб 50 фоизгача оширилади.
Давлат тест маркази 2021 йил 1 февралга қадар кимё ва биология фанларидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизимини жорий қилади.
Имтиёз бериладиган даражадаги миллий сертификатга эга мактаб, лицей ва касб-ҳунар мактаби ўқувчилари давлат ОТМга киришда кимё ёки биология фанидан тест синови топширишдан озод этилади ҳамда унга максимал балл берилади.