Кимёвий тозалаш воситалари хавфлими?
Кимёвий тозалаш воситалари доимий рўзғор рўйхатларидан ўз ўрнини эгаллаб улгурган. Уй юмушларининг ҳар бири учун кимёвий воситалар мавжуд. Ахир, столдан ёғли доғни кетказиш учун фақат нам сочиқ етарли эмас. Идишларни ювиш, ювиниш хонаси, ҳожатхона, пол, плиткаларни тозалаш учун воситалар деярли ҳамма уйда бор. Мутахассислар биз ишлатадиган ювиш воситаларидан тўғри фойдаланиш ҳақида айтиб беришди.
Аллергия келтириб чиқариш, қўл ва юз терисига жиддий зарар етказишининг олдини олиш учун кимёвий моддалар ёрдамида ювилган идишларни камида 20 сония давомида тоза сувда чайиш керак. Сув ҳисоблагич миллари ғиззиллаб айланиб турганда ҳамма уй бекалари бу қоидага амал қилармикан?
Шунингдек яна бир муҳим эслатма: ошхона ва ювиниш хоналарини кимёвий воситалар билан ювиш учун сиз нафақат резина қўлқоп, балки токсинлар нафас йўлларига кирмаслиги учун ниқобда, кўз соҳасини эҳтиётлаш учун кўзойнакда ҳам бўлишингиз керак.
Хлорли таркибли маҳсулотни фақат мўлжалланган мақсадда ва қўлқоплардан фойдаланган ҳолда қўллаш зарур. Агар бунга риоя этмасангиз ёки хлор ва кислотали тозалаш воситаларини аралаштирсангиз, терингиз зарар кўриши ва ҳатто заҳарланиш хавфи бор. Шунинг учун бир турдаги тозалаш воситасига бошқа бир хилини аралаштирманг.
Ҳаво тозалагичлар
Уйнинг хушбўй ҳидини таъминловчи бу восита ҳам саломатлик учун хавфли экан. Бундай ҳаво спрейлари қичитиш, нафас олишнинг қийинлашуви ва бошқа жиддий муаммоларни келтириб чиқарадиган учиб юрувчи органик бирикмалар манбаи. Уларда формалдегид мавжуд бўлиб, марказий асаб тизимининг шикастлаши, гормонлар ўзгариши, ўпка ва юрак-қон томир тизимларини шикастлаши мумкин. Деярли кераксиз зарарли ашё. Озода ва тез-тез шамоллатиб турилган уйда сунъий ифорларга ҳожат қолмайди.
Печ учун тозалаш воситалари
Воситада натрий гидроксид мавжуд. Бу тери ва кўзлар учун ўта хавфли. Ҳимоя қўлқописиз материалга шунчаки тегиниш жиддий шикастланишга сабаб бўлиши, кўзга тушганда кўрликка олиб келиши мумкин.
Аммиакли тозалагичлар
Аммиак ошхона ва ҳаммом тозалагичлари, шиша ва мебель тозалагичлари таркибида мавжуд. У нафас йўлларида сув буғлари билан осонгина аралашиб, бурун, томоқ ва оғизнинг шиллиқ пардаларини зарарлайди. Агар маҳсулот таркибида аммиак 5 фоиздан ортиқ бўлса, у хавфли ҳисобланади.
Унитаз тозалагичлари
Ушбу маҳсулотлар кўпинча хлорид кислотали бўлади, бу эса ҳимояланмаган терига жиддий зарар етказади.
Кўзгу ва ва ойналар учун тозалагичлар
2-бутоксиетанол кўплаб ойна ювиш воситаларининг асосий таркибий қисми бўлиб, уларга ўзига хос ширин ҳид беради. Бу ўпка шиши, жигар ва буйракларнинг жиддий шикастланишига олиб келадиган "гликол эфирлари" тоифасига киради. Чекланган жойда, масалан, шамоллатилмаган ҳаммомда қўллаш хавфли.
Оқ кийимлар учун оқартиргичларнинг ҳидсиз, кислородлисини танланг.
Идиш-товоқ учун воситалар
Маҳсулот ишлаб чиқарувчилар реклама роликлар орқали идиш ювиш воситаларини тўғридан-тўғри идишга ёки ювгичга қуйишни ташвиқот қилишади. Аслида бу хато. Бунда ювиш воситаси тез тугаб қолишидан ташқари идишларда кимёвий моддалар сақланиб қолиши ва таом орқали одам организмига тушиши хавфи ортади. Ювиш воситалари бўш идишга солиниб, тенг миқдорда совуқ сувга аралаштирилиб ишлатилиши ҳам жонга, ҳам ҳамёнга фойда.
Иложи бўлса уларни доимий қўлламанг. Бунинг ўрнига идишлар ишлатилгандан кейин дарҳол иссиқ сувда ювинг.
Кимёвий воситаларининг зарарини қандай камайтириш мумкин?
Агар бундай воситалардан бутунлай воз кеча олмас экансиз фойдаланиш бўйича кўрсатмаларга қатъий риоя қилинг. Шахсий ҳимоя воситаларидан (қўлқоплардан) фойдаланишни эътиборсиз қолдирманг. Бундан ташқари, тозалашдан кейин хонани албатта шамоллатинг. Уй тозалаш воситаларини сотиб олаётганда, ёрлиқларни ўқишни унутманг. Шунда бу воситалар сизнинг фойдангизга ишлайди.
Ёш болали хонадонларда ўзига жалб қилувчи чиройли флаконлардаги тозалаш воситаларини сақламанг. Фарзандларингизга уларнинг таъсирини тушунтиринг.