Кимёвий воситалар ўрнига анъанавий зараркунанда тутқичлари: қарийб 20 минг гектардаги дарахтларга тутқич белбоғлар боғланган
Самарқанд вилоятида 2 731 та тадбиркорлик субъектларига қарашли бўлган 23 853 гектар боғ майдони мавжуд. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси хабарига кўра, мевали боғ майдонларига 19 914 гектарига тутқич белбоғлар боғланган. 13 725 гектар майдонда агротехник тадбирлар олиб борилган.
“Бугунги кунда ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишда осон ва тезкор усул сифатида кимёвий усулни қўллаб қўя қоламиз. Аммо бу усулни экологик ва иқтисодий нуқтаи назардан афзал деб бўлмайди.
Бунгача аждодларимиз ўсимликлар зараркунандаларига қарши курашишда орттирган тажриба ва имкониятдан келиб чиққан ҳолда маҳаллий хом-ашёдан кенг фойдаланганлар. Масалан, дарахтнинг пастки қисмини оҳак эритмаси билан оқлаш эвазига яхши натижага эришишган. Сабаби, дарахт пўстлоғи остидаги зараркунандаларнинг тухуми оҳак таркибидаги ишқор таъсирида нобуд бўлади. Ҳозирги кунда “Тутқич белбоғлар” дан фойдаланиб ҳам зараркунандаларга қарши курашишда яхши самара олинмоқда.
Дарахтларга тутқич белбоғлар боғлаб йиғилган қуртлар йўқ қилинса, химикатларни камроқ ишлатиш имкони туғилади. Белбоғлар ҳафтада бир маротаба ечилиб, тўпланган қуртлар йўқ қилингандан сўнг яна боғлаб қўйилади. Белбоғлардан август ойигача фойдаланиш мумкин”, дейилади бошқарма хабарида.
Таъкидланишича, бошқарма мутахасси слари томонидан жойларда белбоғли тутқичларни қўллаш ва бошқа анъанавий усуллардан фойдаланиш масаласида фермерлар иштирокида семинарлар ўтказиб келинмоқда.