“Кобалт” тенг иккига бўлинди

Савлат Қобилов ва Нигина Олимовалар (исм, фамилиялар ўзгартирилган) 2014 йилда қонуний никоҳдан ўтиб оила қурган. Улар биргаликдаги никоҳи давомида 2018 йилда “Кобалт” русумли автомашина сотиб олишади.

Ўрталаридаги келишмовчиликлар сабаб улар бугунги кунда алоҳида тарзда яшаб келишаётган бўлса-да, бироқ Н.Олимова собиқ турмуш ўртоғи билан ўртасидаги умумий мулк ҳисобланган автомашинадан ўз улушина олмаган экан.

Н.Олимова ўзининг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва умумий мулкдан улушини ажратиб олиш учун собиқ турмуш ўртоғи яшаб турган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича судга “автомашинани умумий мулк деб топиш ва улуш ажратиш тўғрисида”ги даъво ариза билан мурожаат қилди.

Амалдаги қонун талабларига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирилган мол-мулклари уларнинг биргаликдаги умумий мулклари ҳисобланади.

Шунга кўра, суд низоли автомашинанинг бугунги кундаги бозор қийматини аниқлаш мақсадида экспертиза тайинлаган ҳамда экспертиза хулосасига кўра, “Кобалт” русумли автомобилнинг ҳисобланган ўртача бозор баҳоси, унинг жароҳатларини ва жиҳозланишини инобатга олиб, 80 миллион 250 минг сўмни ташкил қилиши кўрсатилган.

Суд иш ҳолатларини ўрганиб, низоли автомашинани тарафларнинг умумий мулки деб топди. Н.Олимованинг ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлиги ва автотранспорт воситасини бошқариш қобилиятига эга эмаслигини инобатга олиб, С.Қобиловдан Н.Олимованинг фойдасига “Кобалт” русумли автомашинанинг ярим баҳоси учун 40.125.000 сўм ундиришни белгилади.

Шержаҳон ЗАЙНИДДИНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судья катта ёрдамчиси.