Кобулда юзлаб аёллар алоҳида таълим олишни қўллаб-қувватлаш бўйича намойишга чиқди
Мамлакатда аёлларга нисбатан сиёсати халқаро ҳамжамиятни хавотирга солаётган Толибонни қўллаб-қувватлашни билдирган 300 га яқин афғон аёллари Кобул университети амфитеатрида тўпланди.
У ерда бўлганларнинг аксарияти 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда илк Толибон ҳукмронлиги давридагидек, кўзидан бошқа, бутун танаси ёпилган либосда эди. Ўша пайтда мамлакатда шариат қонунлари ҳукмрон бўлиб, аёлларга ўқиш ёки ишлаш тақиқланган эди.
Қўлида Афғонистоннинг янги байроғини кўтариб олган намойишчилар янги ҳукумат қўллаётган чоралар ҳақида гапирган маърузачиларни тинглашди. Нутқлар тугагач, намойишчилар "Афғонистонни тарк этган аёллар бизни вакил бўла олмайди" ёки «Биз Толибон муносабати ва хатти-ҳаракатларидан мамнунмиз" ёзувли плакатлар билан юриш бошлади.
20 йилдан сўнг ҳукуматга қайтган Толибон ўз ёндашувини ўзгартиришга ваъда берди. Аёллар ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини, кийиниш қоидаларига риоя қилган ва жинс бўйича ажратилган ҳолда ҳатто университетда ўқиши мумкинлиги маълум қилинди.
Университет минбарида маърузачилар сўнгги кунларда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўчаларга чиққан афғон аёлларини танқид қилди. Улар Адлия вазирлиги томонидан рухсат этилмаган намойишлар тақиқланишини муҳим чоралар деб ҳисоблаб, ўз ҳаракатига олдиндан рухсат берилганини билдирдилар.