Коллежни ўқиб тугатганлар қаерда ишлайди?

Вилоят олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси томонидан тармоқда амалга оширилаётган ишлар ҳамда техникумлар фаолияти билан таништириш мақсадида ўтказилган матбуот анжуманида шу ва бошқа саволларга жавоб топилди.

Бугунги кунда вилоятда 73 та профессионал таълим муассасалари фаолият юритиб келмоқда. Булар 37 та касб-ҳунар мактаблари, 14 та коллеж ва 22 та техникумлардир. Бу таълим муассасаларида 162 та касб ва мутахассисликлар бўйича жами 48 минг 706 нафар ўқувчига 3 181 нафар педагог ва таълим усталари касб-ҳунар сирларини ўргатиб келяпти. 

- Коллежлар ўрнида ташкил этилган профессионал таълим муассасаларининг ҳар бир битирувчисининг бандлиги таъминланишига алоҳида эътибор қаратиляпти, - дейди вилоят олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Алишер Норбоев. – Айрим битирувчилар таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаётган корхоналарда амалиёт ўташ жараёнидаёқ ишга жойлашяпти. Айримлари эса техникумларни муваффақиятли тамомлаб, ўз йўналиши бўйича олий ўқув юртларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиняпти. Аҳамиятлиси, улар ўқишни иккинчи босқичдан давом эттиряпти.

Профессионал таълим муассасаларининг 19 минг 69 нафар ўқувчиси 3079 та корхона ва ташкилотларга номма-ном, манзилли бириктирилиб, улар билан ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланган. 

Вилоятдаги 15 та профессионал таълим муассасаси билан 16 та йирик иш берувчи корхона ва ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. 

4 та жамоат саломатлиги техникумларида 2023 йилнинг апрель ойидан бошлаб немис тилига ўқитиш курслари ташкил этилган. Бугунги кунда немис тили курсларида жами 78 нафар талаба таҳсил олиб келмоқда. 

2022-2023 ўқув йилида 19 минг 385 нафар битирувчидан 17 минг 87 нафарининг бандлиги таъминланган. 1584 нафар битирувчи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. 

536 та иш берувчи корхона ва профессионал таълим муассасаси ўртасида шартномалар тузилиб, 2249 нафар дуал таълим бўйича ўқувчилар ва корхона (ташкилот) ўртасида шартномалар расмийлаштирилган бўлиб, 1341 нафар ўқувчи корхона ва ташкилотларда ҳам касб-ҳунар ўрганиб, ҳам иш ҳақи олади. 

Матбуот анжуманидан кейин иштирокчилар Самарқанд туризм ва маданий мерос техникуми фаолияти билан танишди.