Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кондиционер остида доимий ўтириш касаллик келтириб чиқарадими?

Кондиционерлар ҳавонинг кириши ва чиқишини таъминлайдиган вентиляцияси бор хона ва биноларга ўрнатиш учун мўлжалланган. Бундай шароитда уларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири кам бўлади.

Бино ёки хонада вентиляция мавжуд бўлмаса, кондиционер хона ҳавосини бир неча маротаба қайта-қайта совутади ва қуритади. Ҳаво кислород билан тўйинмайди. Бу эса саломатликка салбий таъсир кўрсатади.

Кондиционерли хонада мунтазам ўтириб ишлайдиган ходимлар уст кийимларига ҳам эътибор беришлари керак. Уларнинг кийимлари табиий матодан, ўзига намликни енгил сингдира оладиган бўлгани маъқул.

Кўпчилик кондиционерларда ҳавони тозалаб берувчи биофильтрлар ўрнатилган. Уларни ҳар 3 ойда янгиланиб туриш керак.

Унутманг, кондиционерда нафас тизими инфекцияларини кўзғатувчи микроорганизмлар тўпланиб қолиши мумкин. Ҳаво намланиши ва намлик даражасининг пасайишига вазифасини бажарувчи ҳавони намлантирадиган ускуна қўйиш лозим.

Оддий маиший кондиционерни вақти-вақти билан (айниқса, қиш мавсумида узоқ ишлатилмай ётганидан кейин) тозалаш керак. Унда тўпланган чанглар тозалагич (фильтр)ларга ўтириб қолади ва шу ҳолда ишлатиладиган бўлса, хонага чангли ҳаво тарқатади. Бу эса ҳар хил касалликлар келтириб чиқарадиган бактериялар кўпайиши учун шароит яратади.

Кондиционерда хавфли бактериялар, вируслар, чанг каналари ва аллергенлар мавжуд. Аллергия, нафас сиқиш касали борлар чангли ҳаводан нафас олса, аҳволи ёмонлашиб қолиши мумкин.

Оғир пневмония касаллигининг келтириб чиқарадиган микроблар ҳам турли совутиш воситаларини "яхши кўради". Шундай экан, кондиционер зарарсиз ишлаши учун унинг тозалигига ҳам эътибор беринг. Ҳар уч ҳафтада чангютгич ёрдамида кондиционерни тозаланг ёки сувда ювиб туринг. Шу каби тавсияларга амал қилгандагина у сизнинг саломатлигингизга зиён етказмайди.

Бу ҳақда тиббиёт фанлари номзоди Эъзозбек Ризаев маълумот берди.