Кўп миқдордаги солиқларни тўламаслик ҳолати аниқланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қибрай тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “G.Q.N” ҳамда “G.S.E” масъулияти чекланган жамиятлари раҳбари Улуғбек Т. ва бошқалар корхоналар томонидан бажарилган ишлар ва товарлар реализациясидан келиб тушган 7,3 миллиард сўм пул маблағларини солиқ тўловларини тўламаслик мақсадида ҳисоботларда яшириб келган.
Бюджетга тўланиши лозим бўлган 1,4 миллиард сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганликлари ҳамда маҳсулотлар сотувидан тушган 4,8 миллиард сўм нақд пул маблағларини банк муассасасига топширмасдан жуда кўп миқдорда савдо қоидаларини бузганликлари аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Улуғбек Т. ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 184 ва 189-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.