Ўқитувчилардан қарзи йўқлиги хусусида махсус ҳужжат ёки маълумотнома сўралмаган

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни @sizdantelegram каналида “Солиқдан қарзи йўқлиги ҳақидаги маълумотнома 11 минг сўмдан пулланмоқда” сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда Жомбой тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари солиқдан қарзи йўқлиги ҳақида маълумотнома бериш учун фуқаролардан пул талаб қилгани иддао қилинади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, солиқ қарзи йўқлиги тўғрисида маълумотномани фуқароларга тақдим этиш хизмати солиқ идоралари (инспекциялари) ваколатида эмас. Ушбу маълумотномани бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 октябрдаги 823-сонли қарорига асосан Давлат хизматлари агентлиги (ҳудудларда марказлар) томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги ПҚ-3802-сонли қарори билан “Солиқ сервис” давлат унитар корхонаси ва республикамизнинг барча ҳудудларида унинг бўлимлари ташкил этилган. “Солиқ сервис” давлат унитар корхонаси томонидан  2018 йил 27 декабрда тасдиқланган тарифлар асосида солиқ тўловчиларга қарздорлиги йўқлиги тўғрисида ёзма маълумотнома бериш хизмати кўрсатилади ва бунинг учун белгиланган миқдорда ҳақ ундирилади.

“Солиқ сервис” ДУК алоҳида юридик ташкилот бўлиб, давлат солиқ инспекцияларининг таркибий бўлинмаси ҳисобланмайди. Мақолада ёритилган маълумотнома Жомбой тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан эмас, балки “Солиқ сервис” давлат унитар корхонасининг Жомбой тумани бўлими томонидан қонуний асосда берилган.

Ёдда тутиш лозимки, солиқларни ўз вақтида тўлаб бориш ҳар бир фуқаронинг конституциявий бурчи саналади. Аниқланишича, туман халқ таълими бўлими томонидан мактаб директорларига ўз ходимлари орасида солиқларни ўз вақтида тўлаб бориш зарурлиги ҳақида эслатма бериш тавсия қилинган. Аммо қарзи йўқлиги хусусида махсус ҳужжат ёки маълумотнома сўралмаган.

Барча фуқаролар, жумладан, таълим тизими ходимлари ҳам қонунда белгиланган солиқ ва йиғимларни тўлаб бориши шарт. Бунда ҳар бир фуқаронинг ўзи солиқ инспекцияси орқали қарздорлиги мавжуд ёки мавжуд эмаслигини мустақил назорат қилиб бориши мақсадга мувофиқ.

Ш.АЗАМАТОВ,

Жомбой тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи.