Корея Республикасига Ўзбекистон фуқароларининг кириши қачон бошланади?
Бугун АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов аҳолидан келиб тушган саволларга жавоб қайтарди.
- Мен Корея Республикасида ишлаш учун саралаш жараёнининг барча босқичларидан ўтганман ва иш берувчи ташкилот томонидан шартнома олганман. Вақтинчалик меҳнат фаолиятимни амалга ошириш учун Корея Республикасига қачон жўнаб кетишим мумкин?
- Бугунги пандемия даврида бутун дунё аҳолиси қийин кунларни бошдан кечирмоқда, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида юзага келаётган турли муаммолар сабабли ишсизлик даражаси ошмоқда. Шунингдек, давлатлардаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, халқаро қатновлар ҳам бекор қилинган.
Меҳнат таътили олиб келган ва шартнома лойиҳаси келган фуқароларнинг Жанубий Кореяга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетиш имконияти ҳозирча мавжуд эмас. Кореяга ишга кетиш истагидаги юртдошларимиздан шу соҳада таниш-билиши борлиги, маълум тўловлар эвазига ишга жўнатиш ёки бу жараённи тезлаштириб беришни ваъда қилаётган турли фирибгарларга ишонмасликни сўраймиз.
Ҳозирги вақтда юртдошларимизни Корея Республикасига ишга жўнатишни ташкил этиш бўйича тегишли ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Музокаралар натижаси ҳақида расмий ахборот берилади.
- Корея Республикасига Ўзбекистон фуқароларининг кириши қачон бошланади?
- Жорий йилнинг июль ойи ўрталарида Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони кескин ошиб кетгач, Корея томонидан Ўзбекистон фуқароларининг самолёт бортига чиқарилиши вақтинча тўхтатилди. Ўзбекистондаги пандемия ҳолати кореяликлар томонидан мунтазам кузатиб борилмоқда ва ушбу ҳолат ижобий томонга ўзгаргач, янгилик бўлиши кутилмоқда.
- Кореядан Ўзбекистонга таътил олиб келган эдим. Кореяга киришга рухсат берилгач, қайтиб кетиш учун қандай жараёнлардан ўтишим керак?
- Пандемия даврида Корея Республикаси ҳудудига киришга рухсат олиш учун мазкур давлатга киришдан олдин 14 кунлик мажбурий карантин талабларига риоя қилиш бўйича розилик битимида иш берувчи билан келишган ҳолда карантин манзилини кўрсатиш шарт. Карантин манзили ID картадаги охирги кўрсатилган манзилга яқин ҳудудда бўлиши талаб этилади. Шунингдек, бу маълумотларни таътилга келган фуқаролар учун очилган “@tatil2020” телеграм манзилига корейс тилида юборишингиз сўралади.
Бундан ташқари, иш берувчи билан мунтазам алоқада бўлиб туриш ҳамда (www.eps.go.kr сайтидаги) шахсий кабинет маълумотларини текшириб бориш тавсия этилади. Шахсий кабинетдаги маълумотлар ўзгарса, яъни меҳнат шартномаси иш берувчи томонидан бекор қилинган тақдирда, бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига хабар беришингиз сўралади.
Меҳнат шартномаси бекор қилинган ва виза амал қилиш муддати тугамаган фуқаролар шартнома рад этилган кундан бошлаб 1 ой муддатда Корея Республикасига кириб бориши ёки Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Кореядаги ваколатхонасига (+8270 4252 2772) мурожаат этиши лозим.
Шунингдек, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан тавсия қилинган тиббиёт муассасаларида жўнаб кетишдан 48 соат олдин коронавирусга тест топшириш белгиланган. Агар фуқарода Корея ҳудудига кириб боргач коронавирус инфекцияси аниқланса, у махсус даволаниш муассасасида ўз ҳисобидан даволанади.
Фуқаро томонидан нотўғри маълумотлар берилиши унинг Корея Республикаси ҳудудига кириши учун тақиқ қўйилишига сабаб бўлиши мумкин.