Кўрмаганга олиш — муаммога ечим эмас: ИИБ Самарқанддаги автомобиллар учун давлат рақам белгилари олиш муаммосига нега изоҳ бермаяпти?

Барча хизматлар борасида кун сайин қулайлик яратиш, ҳатто масофадан туриб айрим хизматлардан фойдаланиш кенгайтирилаётган бир пайтда ўқувчиларимиз нима сабабдан Самарқандда автомобиллар учун давлат рақам белгилари олиш муаммо бўлаётгани борасида савол қўймоқда.
Хусусан, @zarafshon_bot - телеграм манзилимизга самарқандлик транспорт воситалари эгаларидан вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси расмийлаштириш ва имтиҳон олиш бўлимларида автотранспорт воситалари учун давлат рақам белгилари йўқлиги, улар бу борада муаммоларга дуч келаётгани ҳақида мурожаат қилган эди.
Бу бўйича каналимизда учинчи марта хабар берилмоқда. Аммо аҳолини қизиқтираётган бу саволларга мутасаддилар жавоб беришга шошилмаяпти.
Савол ўша-ўша: Муаммо қаерда? Давлат рақам белгилари ўзимизда ишлаб чиқарилади-ку. “Камёб”лик сабаби нимага тақалмоқда?
Эҳтимол, давлат рақам белгилари беришни ҳам Давлат хизматлари марказларига бериш керакдир.