Коронавирус: 2000 та захира ўрин ҳозирланди
Айни кунларда вилоятда 223 нафар фуқаро коронавирус хасталиги билан даволанмоқда. Ҳар куни тест натижалари мусбат чиқаётган аҳоли сони ошиб бормоқда. Вирус юқтирганларнинг 146 нафари унинг енгил шакли билан оғриган бўлиб, уй шароитида даволанаётган бўлса, 77 нафари стационар шароитда даволанмоқда.
Хабарингиз бор, Самарқандда вирусни даволашга мўлжалланган, барча шарт-шароитларга эга махсус шифохона қуриб битказилди. Унда тажрибали инфекционист шифокор ва реаниматологлар фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда мазкур шифохонада 77 нафар бемор даволанмоқда.
Шунингдек, вилоят миқёсида 6 та шифохонада 2020 ўринли захира ўринлар ташкил этилган бўлиб, уларнинг 370 таси реанимацион койкалардир. Ушбу захира бўлимлари ҳам беморларни вирусдан даволаш учун барча шарт-шароитлар, кислород билан таъминловчи ускуналарга эга. Алоҳида таъкидлашни истардимки, кейинги икки йил ичида вилоятга тўртта кислород станцияси келтирилди ва шифохоналарга ўрнатилди. Шу нуқтаи назардан бу масалада муаммо бўлмайди.
Қолаверса, Самарқанд шаҳридаги 4-оилавий поликлиника ҳамда махсус шифохона қошида ковид-поликлиникалари ташкил этилди. Поликлиникалар 24 соат давомида фаолият кўрсатади. Шунингдек, вилоятнинг барча туман ҳамда шаҳар поликлиникаларининг барчасида, тез тиббий ёрдам бўлимларида мобиль бригадалар мавжуд бўлиб, COVID-19 га гумон қилинган беморларга чақириқ бўйича хизмат кўрсатади.
Касалликни даволашда соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи билан тасдиқланган 49 турдаги дори-дармон захираси мавжуд. Шунингдек, уйда даволанаётган беморлар учун 64 390 та аптечка захираси яратилган.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, фуқаролар ўзбошимчалик билан уйда даволанмасликларини сўраймиз. Сабаби, ҳафталаб уйда даволаниб, сўнг оғир аҳволда шифокорга мурожаат қилаётган беморлар учрамоқда.
Суҳроб Зайниев,
вилоят соғлиқни сақлаш
бошқармаси бошлиғи
ўринбосари.