Коронавирусни енгган Янги Зеландияда яна касаллик аниқланди

Ўтган ҳафта коронавирус устидан ғалаба қозонганини эълон қилган Янги Зеландияда яна икки нафар коронавирус ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда 16 июнь куни Reuters агентлиги хабар берди.

Касалланганлар Буюк Британиядан Янги Зеландияга қайтган фуқаролар бўлиб, карантинга олинган эди. Тақдим этилган маълумотга кўра, ўлим тўшагида ётган қариндошини бориб кўриш учун уларга бир марта карантин қоидаларини бузишга рухсат берилган.

Мамлакат Бош вазири Хасинда Арден хориждаги фуқаролар қайтаётганлиги сабабли бундай ҳолатлар яна такрорланиши мумкинлигини таъкидлади ва барчани огоҳликка чақирди.

9 июнь куни Янги Зеландия ҳукумати чегараларни очишдан ташқари, коронавирус туфайли жорий этилган барча чекловларни бекор қилган эди.