«Коронавирусни юқтирганлар қайта мурожаат қилгани йўқ», — Муҳайё Асилова

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ф. Санаев Вирусология илмий-текшириш институти клиникасининг бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова билан коронавирус инфекцияси ҳақида суҳбат уюштирди.

➖ Ўзим дастлабки уч ой шифохонадан чиқмай ишладим. Шу давр мобайнида кўрсатган ёрдамимизга қарамай кўз олдимизда вафот этган бемор бўлди. Коронавируснинг хавфли эканига ишонмаётган юртдошларимга айтар сўзим: вирус мавжуд ва у ўз ўлжаларини таслим қилмоқда. Айниқса, ҳозирги коронавирус штампининг оғир тури келмоқда. Кўчада ниқобсиз ва масофа сақламай юрганлар ҳаёт учун курашаётган беморлар ҳолатини ўз кўзи билан кўрса, балки ўшанда жиддий қарарди. Кўпчилик “Қачон вирус тугайди?” , деб сўрашади. Агар касаллик занжирини узмасак, вакцина ишлаб чиқилмагунча шу ҳаётда яшаймиз.

❓ Коронавируснинг қандай салбий асоратлари бор?

➖ Унинг энг катта хавфи ўпка фиброзига, яъни чандиғига олиб келади. Ҳаво етиб бориш клапанларини ёпади. Натижада, бемор кейинчалик нафас ва юрак етишмовчилигидан азият чекади. Ўпка чандиғи узоқ йилларда тикланади. Гоҳида бу бир умрлик ногиронликка ҳам олиб келиши мумкин.

❓Амалиётингизда қайта касалланганлар ҳам учрадими?

➖ Йўқ, учрамади. Юқумли касалликлар даволанганидан сўнг, организмда ҳимоя антителалари ишга тушади ва худди шу вирус организмга тушганда бу касаллик сифатида кечмайди. Шуни ҳам ёддан чиқармаслик керакки, ҳар бир организм алоҳида индивидуал. Айрим инсонларда ҳимоя қилиш ҳужайралари ишлаб чиқилмаслиги мумкин. Орадан беш ой вақт ўтди, аммо “COVID-19”дан зарарланган беморлар бизга қайтиб мурожаат қилгани йўқ.

❓ Касалликка чалинганлар асосан неча кунда шифохонадан чиқмоқда?

➖ Енгил турини юқтирганлар 7-8, ўрта аҳволдагилар 10-12 кун, оғир турини бошидан ўтказаётганлар эса ойлаб даволанмоқда. Ҳар битта беморга даво чоралари кўрилганидан кейин коронавирусга тест топширади. Қачон натижа манфий кўрсатса, ўшанда шифохонадан чиқади.