"Бионик қиз": У оғриқ нималигини билмайди, деярли овқат емайди ва ухламайди
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, агар барча жисмоний оғриқлар олиб ташланса, одам ҳаёти қандай бўлган бўларди?! Буюк Британияда яшайдиган қизалоқ на очлик, на чарчоқ ва оғриқни ҳис қилмасдан яшашни билади.
Оливия Фарнсворт
Англиянинг Ҳаддерсфилд шаҳрида яшовчи Оливия Фарнсвортни дунёдаги ягона камдан-кам учрайдиган хромосома касаллиги эгаси бўлиш «бахтига» муяссар бўлганлиги туфайли «бионик қиз» деб аташади. Оливия ҳеч қачон чарчамайди, кун давомида овқатланмайди ва оғриқ сезмайди.
Бошқа ҳар қандай ноёб қобилиятлар сингари Оливиянинг бу касаллиги ҳам ўзини тўсатдан намоён қилди. 2016 йилда 7 ёшли қизалоқни онасининг кўз ўнгида машина уриб юборди ва уни яна 30 метрга судраб кетди. Оливиянинг онаси даҳшатга тушди, қизалоқ эса ўрнидан туриб, уст-бошини қоқиб ташлаб, ҳеч нарса бўлмагандек, унинг олдига келди. Қизалоқ танасининг кўкрак қисмидаги шина изи ва оёқларидаги шилинган териси бахтсиз ҳодисанинг ягона далили эди.
Қизнинг ўзига хослигини тасдиқлаган яна бир воқеа бироз кейинроқ содир бўлди ва бундан ҳам жиддийроқ оқибатларга олиб келди. Оливия қаттиқ йиқилиб, лаби йиртилди, лекин унинг ўзи бунга эътибор ҳам бермади. Қизалоқ қиёфасини пластик жарроҳлар тиклашига тўғри келди.
Бундан ташқари, ноёб ҳодиса туфайли Оливиянинг сочлари жуда секин ўсарди ва болалигида маълум бир вақтга қадар “ўғил бола” деб масхара қилинарди. Вақти-вақти билан содир бўлиб турадиган агрессив ҳолати унинг оила аъзоларини бутунлай қўрқитиб қўйди. Чунки қиз ғазабланиб, танасининг оғриқни ҳис қилмайдиган барча қисмлари, шу жумладан бошини ишлатиб, бошқаларга зарар етказиши мумкин эди.
Оливиянинг ота-онаси шифокорларга ёрдам сўраб мурожаат қилганида, улар елка қисиб қўйишди, чунки бундай ҳолат ҳақида ҳеч қандай тиббий манбада маълумот топилмади. Бироқ “бемор” хусусиятларини ўрганишда давом этган шифокорлар ушбу ҳолатни "6-хромосома бир қисмининг йўқолиши" - бошқача қилиб айтганда, хромосома бузилиши (ортиқча хромосома, унинг ўзгариши ёки умуман йўқлиги) деб тавсифлашди.
Тадқиқотчилар ҳали ҳам қизалоққа "бионик қиз" лақабини берган бундай ғалати ва ўзига хос касаллик пайдо бўлиши сабабларини аниқлашга ҳаракат қилишмоқда.
Оливия ҳозир қандай яшайди?
Умуман олганда, унинг ҳаётида ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. У оиласи билан Хаддерсфилдда яшайди, мактабда аъло баҳоларда ўқийди. Унинг онаси Никки Трепак, очликни ҳис қилмайдиган қизи овқат вақтини ўтказиб юбормаслиги ва соғлом бўлиши учун керакли миқдордаги калорияларни истеъмол қилишини таъминлаш учун доим ҳушёр туради. У ҳар кеча қизига ухлаб, дам олиши учун уйқу дори беради. Бундан ташқари, Оливия ички жароҳатлар ёки бошқа касалликларни истисно қилиш мақсадида ҳар ҳафта тиббий кўрикдан ўтишга мажбур.
Афсуски, шифокорлар ҳали ҳам Оливия Фарнсвортнинг ноёб ҳодисаси ва уни даволаш мумкин ёки йўқлиги ҳақида бош қотиришади, чунки бу ҳолат тарихда биринчи марта қайд этилган.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.