Коррупцияга қарши кураш ҳар бир раҳбар ва идоранинг вазифасидир
Йиғилишни комиссия раиси, вилоят прокурори Ф.Зуфаров бошқарди.
Унда комиссия аъзолари, вилоят судлари, адлия, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, бошқармалар, хотин-қизлар қўмитаси ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Президентимизнинг 2017 йил 2 февралдаги қарори билан тасдиқланган 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг вилоятдаги ижроси муҳокама этилди. Мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарларининг бу борада амалга оширган ишлари бўйича ҳисоботлари тингланиб, ижро даражаси кўриб чиқилди.
Жумладан, вилоят ички ишлар, солиқ, адлия, меҳнат, Савдо-саноат палатаси бошқармалари ва уларнинг раҳбарлари томонидан коррупцияга қарши олиб борилаётган ишларнинг қониқарли эмаслиги таъкидланди.
Коррупцияга қарши курашда унинг олдини олиш муҳитини яратиш муҳим. Шу сабабли йиғилишда ибратли таклифлар айтилди. Хусусан, ҳар бир ташкилот веб-сайтининг мунтазам ишлашини таъминлаш, комиссия аъзоларининг жойларда меҳнат жамоалари билан учрашувларини ўтказиш, тарғибот тадбирлари таъсирчанлигини ошириш, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигига эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Йиғилишда комиссиянинг келгуси фаолияти бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Ўз мухбиримиз.