Корхонадан чиқаётган чанг тарихий анжирзорни нобуд қиляпти, аҳоли саломатлигига путур етказяпти

Эсимни танибманки, Самарқанд шаҳридаги “Боғибаланд” маҳалласидаги анжирзорларни парваришлаб келамиз. Тарихан Амир Темур боғларига мансуб бу анжирзорлардаги дарахтлар бир неча юз йилдан буён мева беради.

Ушбу ҳудудда алебастр, гипс каби турли қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи "Мигамикс" корхонаси фаолияти йўлга қўйилди-ю, тинчимиз бузилди. Уч йилдирки, анжирзордан оладиган ҳосилимиз мазкур корхонадан чиқаётган чанг оқибатида нест-нобуд бўлмоқда. Чанг-тўзон дастидан теварак-атрофда яшаётган аҳоли ҳам азият чекяпти. Хоҳ кундузи, хоҳ кечаси бўлсин, ҳовлида ўтиролмай ҳам қолдик.

Муаммо юзасидан Самарқанд шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясига бир неча марта мурожаат қилдик. Аммо натижа бўлмаяпти...

Шаҳар ҳокимлиги ва бошқа тегишли идоралар мутасаддилари ушбу муаммо билан қизиқиб кўрармикан?

Жаббор ҚОДИРОВ,

меҳнат фахрийси.