Косонсойдаги «махлуқ» ғайритабиий мавжудот эмас, одам эканлиги маълум бўлди
Сўнгги кунларда Косонсой тумани Ҳуррият маҳалласида қандайдир номаълум шахс кечалари фуқаролар тинчини бузиб, уларни қўрқитиб юргани, уни ушламоқчи бўлишганида томга қочиб кетгани, у жуда ҳам кучли ва чаққон, ҳаттоки, тўрт оёқда юриши ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда.
Бунинг натижасида бир неча кундан бери аҳоли тинчи бузилган. Ҳаттоки, аёллар ва болалар кечаси кўчага чиқишга қўрқиб қолишган. Ачинарлиси, ҳақиқатга тўғри келмайдиган, асоссиз миш-мишлар яшин тезлигида бутун туман бўйлаб тарқалди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, айни дамда туман ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда ва бу суриштирувлар натижасида шу аён бўлдики, шов-шувларга сабаб бўлаётган бу ғайритабиий мавжудот эмас. Олинган излар бу одам эканлигини кўрсатмоқда. У ҳозиргача ҳеч қандай жиноий иш (ўғирлик, қотиллик, шикаст етказиш....) содир этмаган. Шундай экан, ортиқча ваҳима ва қўрқувга ҳожат йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлади.