Кредит-модуль тизими олий таълимга нима беради? Унинг амалдаги таълим тизимидан афзалликлари нимада?
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларининг 85 фоизини 2030 йилгача босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтиши режалаштирилган.
2020-2021 ўқув йилининг ўзида республикамиздаги 33 дан ортиқ олий таълим муассасаси кредит-модуль тизимига ўтиши кутилмоқда. Мазкур олий ўқув юртларида асосан ECTS кредит-модуль тизими жорий этилиши кўзда тутилган. Барча кучлар ушбу тизимни яратишга сафарбар этиляпти.
Хўш, кредит-модуль тизими Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимига нималарни беради? Унинг амалдаги таълим тизимидан афзалликлари нимада?
Кредит-модуль тизими – бу таълимни ташкил этиш жараёни бўлиб, ўқитишнинг модуль технологиялари жамланмаси ва кредит ўлчови асосида баҳолаш модели ҳисобланади. Кредит-модуль тамойилида қуйидаги асосий масалаларга эътибор берилади:
- талабаларнинг мустақил ишлашини таъминлаш;
- талабалар билимини рейтинг асосида баҳолаш.
Кредит-модуль тушунчаси икки сўздан иборат: “кредит” ва “модуль”.
Олий таълим соҳасида кредит кўпчиликка банк ва молия соҳаси орқали таниш бўлган қарздорлик ёки молиявий мажбурият тушунчасини англатмайди. Шунинг учун олий таълим соҳасида кредит сўзи кўпинча “академик” сўзи билан бирга ишлатилади.
Академик кредит - олий таълимнинг муайян босқичида ушбу таълим даражасини қўлга киритиш мақсадида талаба томонидан мунтазам равишда тўплаб бориладиган рамзий ўлчов бирлиги. Бу бирлик талаба маълум миқдордаги ўқиш юкламасини бажарганлиги ва муайян ўқиш натижаларини муваффақиятли эгаллаганлигини англатади.
ECTS тизимида ўқув дастури бир неча модуллардан ташкил топади. Tалаба кредитларни фақат модуллар орқали қўлга киритиши мумкин. Хўш, ECTS тизимида модуль нимани англатади?
Юқоридаги таърифга кўра, ўқув дастуридаги ҳар бир фан бу модуль ҳисобланади. Чунки у яхлитликка эга, муайян ўқиш натижаларига эришишга йўналтирилган, ўзининг тизими ва баҳолаш мезонларига эга бўлган изчил ўқиш ва ўрганиш ҳаракатлари жамланмасидир. Лекин модуллар фақат фанларнинг ўзидангина иборат эмас. Юқоридаги таърифга мос келадиган ва тегишли миқдорда кредитларни ўзида акс эттирадиган ҳар қандай тизимли ва изчил ўрганиш ва машғулотлар жамланмасини модуль дейиш мумкин. Бунга ўқув дастурига киритилган амалиёт иши, битирув малакавий иши ёки диссертация ишини мисол келтириш мумкин.
Олий таълим муассасаларининг кредит-модуль тизимига ўтилиши бу муайян миқдордаги кредитларни йил, семестр ва фанлар бўйича тақсимлаб қўйишнинг ўзидан иборат эмас.
Агар кредит-модуль тизими тўғри ва тўлиқлигича жорий этилса, у мамлакатимиз олий таълим тизимига жуда катта ижобий ўзгаришларни олиб кириши мумкин. Жумладан, у мамлакатимиз олий таълим тизимига таълимнинг жаҳон тан олган мукаммал ўлчов бирлигининг олиб кирилиши, ўқув дастурларида мувозанат ва меъёр пайдо бўлиши, ўқиш жараёнининг шаффоф тарзда ташкил этилиши, ўқув дастурлари иқтисодиёт, меҳнат бозори ва талабалар эҳтиёжлари асосида шаклланиши, дарсларнинг сифати яхшиланиши ва ниҳоят ҳар бир талаба, маълум маънода ўзининг мустақил ўқув дастурига эга бўлишига хизмат қилади.
Мазкур тизимнинг олий таълимга жорий қилиниши ўқитиш сифатини ошириш, шаффофликни таъминлаш, коррупцияга барҳам бериш, таълим олувчининг ҳақиқий билимини юзага чиқариш ҳамда талабанинг мустақил ўқиб-ўрганиб, ўз устида ишлашига замин яратади. Бугунги кунда Европа кредит тизими кўҳна қитъанинг деярли барча олий ўқув юртида амалиётга жорий этилган.
Кредит-модуль тизимининг жорий этилиши ўқитувчи ва талабанинг ҳамкорликда ишлашида муҳим омил ҳисобланади. Модулли таълимда педагог тингловчининг ўзлаштириш жараёнини ташкил этади, бошқаради, маслаҳат беради, текширади. Талаба эса йўналтирилган объект томон мустақил ҳаракат қилади. Энг катта урғу ҳам талабаларнинг мустақил таълим олишига қаратилади.
Ўқув жараёнида мустақил таълим олишнинг аҳамияти ортади ва бу келажакда мутахассисларнинг мустақиллиги, ижодий ташаббускорлиги ҳамда фаоллигини оширишга олиб келади. Кредит-модуль тизимида талабалар ҳар доим ўқитувчи ва курсдошларидан ёрдам ҳамда ¬маслаҳат олиш имкониятига эга бўлади. Бу эса ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди ва жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.
Кредит-модуль ўқитиш тизимига ўтиш олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари мажбурияти ҳамда улар олдидаги талабни ҳам оширади. Юқорида таъкидланганидек, модулли ўқитиш тизими билан ўқитувчи нафақат ахборот берувчи ва назорат қилувчи функцияларини, балки маслаҳатчи ҳамда мувофиқлаштирувчилик вазифаларини ҳам бажаради.
Нигора АЛИМОВА,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ўқитувчиси.