Кучайиб борувчи бош мия ирсий дегениратив касаллиги билан оғриган ургутлик фуқаро бепул даволанади(ми?)
Ургутлик сайловчи фуқаро вилоят Кенгашига сайланган депутат Т.Тожиқуловга мурожаат қилган. Депутат вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига сўров юборган.
Аммо масала “ҳа”, деганда ҳал бўлавермаган...
- Рост, депутат сўровидан хабаримиз йўқ эди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари С.Зайниев. - Табиийки, уни қисқа фурсатда кўриб чиқмаганимиз учун халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида эътироз бўлди. Шу боис, ўша куниёқ Ургут тумани Қуйиқишлоқ маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Навбаҳор Юлдошевани уйига бориб, беморни кўрикдан ўтказдик.
Бемор 2020 йилдан бери “арнольд киари” (бош мия грижаси) ташхиси билан даволаниб келмоқда. Мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, беморга вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида даволаниш учун йўлланма берилди. Яъни, бемор даволаниши учун барча текшириш ва муолажалар бепул.
Рости, шу биргина эътибор, беморнинг ота-онасини қанчалик хурсанд қилганини таърифлаб бўлмайди. Бу кишига янги куч ва шижоат беради.
- Давлатимиз раҳбарининг маҳаллий Кенгашлар депутатларининг жойларда фуқаролар турмуш шароитларини яхшилашда ўрни ва ролини ошириш борасидаги гапларидан кейин кўплаб масалаларда фуқароларга ёрдам беришимизга имкон яратиляпти, - дейди 42-Гўзалкент сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Э.Шеров. – Албатта, бу борада халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими ҳам бизни қўллаб-қувватлаётгани муҳим омил бўлмоқда.
Мисол учун, мен вилоят Кенгашига сайланган ҳудудда истиқомат қилувчи 7 нафар фуқаро бепул даволанадиган бўлди. Улар буйрак етишмовчилиги, юрак касаллиги каби оғир турдаги хасталикларга учраган кишилар.
Ўзи шундоқ ҳам оилавий шароити оғир бу одамларга яратиб берилаётган имконият, табиийки, биринчидан, шунча оилага яхши кайфият улашди. Энг муҳими, уларда эртанги кунга, давлат сиёсатига бўлган ишонч ортди.