Кушонлар ва юэчжелар битта халқми?

Самарқанд археология институтида Сурхондарё ҳавзасида олиб борилган археологик тадқиқотларнинг асосий натижаларига бағишланган онлайн семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Самарқанд археология институти ва Хитой Шимоли-Ғарбий унверситети археолог олимлари, мутахассислар ва ёш изланувчилар иштирок этди.

Семинарда Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида олиб борилган археологик қазув ишларида эришилган муҳим натижалар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон-Хитой қўшма экспедицияси аъзолари томонидан Шимолий Бақтрия тоғ этакларида яшаган кўчманчи аҳолига тегишли “Работ” ёдгорлигида олиб борилган қазишма ишлари ва дала археологик қидурув жараёнида милоддан аввалги I асрнинг иккинчи ярми ва милодий II асрнинг биринчи ярмига оид қадимий қабр қўрғонлари аниқланган.

Экспедициямизнинг асосий мақсади Хитой ҳудудидан Марказий Осиёга, яъни ўша вақтдаги қадимги Бақтрия ҳудудига кириб келган юэчжеларни ўрганиш, - деди Хитой Шимоли-Ғарбий унверситети профессрори Вань Цзянь Синь. – Сабаби, Ғарб манбаларида ёзилишича, кушонлар юэчжеларнинг бир қисми дейилган. Бу қанчалар тўғри ё нотўғри эканлигини билиш мақсадида қазишма ишларини олиб бордик. Аввал биз Хитой ҳудудида Ганзу ва Сенжой провинциясида ўрганиш ишларини олиб бордик. Қадимги манбаларда ёзилишича, юэчжелар хунларнинг таъсирида Хитой ҳудудини тарк этиб, Ўрта Осиёга кириб келган. Сурхондарё воҳасидаги дарёда қазишма ишлари олиб борганимизда у ерда ҳозиргача топилган маълумотлардан айтишимиз мумкинки, кушонлар ва юэчжелар бир-бирига ўхшамайдиган алоҳида халқ, қабила. Ҳаммаси бир-бирига ўхшамайдиган Хитой ҳудудидан кириб келган кўчманчилар. Кушонлар эса Юнон-Бақтриянинг кейинги авлодлари. Ғарб манбаларида ёзилишича, милоддан аввалги I асрда ташкил топган Кушонлар империясига юэчжеларнинг кейинги авлоди асос солган дейишади.

Бизда бу маълумотнинг нотўғрилигини исботловчи далиллар мавжуд.  Бу пайтда Сурхондарё воҳасида Кушонлар империясининг ташкил топиши ва ундан аввалроқ тоғли ҳудуднинг яйлов қисмида юэчжелар яшаган. Сурхондарёнинг деҳқончилик билан шуғулланадиган ўтроқ аҳолиси Юнон-Бақтриянинг кейингги авлодлари. Юнон-Бақтрия ва Кушон империяси милодий I асрда катта ҳудудда ташкил топади. Ҳозирги Ўзбекистоннинг жанубидаги тоғ ҳудудида асосий манзиллари бўлган. Биз экспедициямизни давом эттириб, кушонлар ва юэчжеларнинг алоҳидалигини исботловчи янада кўпроқ маълумотлар топиш ҳамда уни жамоатчиликка тақдим қилиш ниятидамиз.

Семинар сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.