Кузатувчилар сайловчилар овози билан қизиқиши мумкинми?
Яна саноқли кунлардан сўнг мамлакатимизда Президент сайлови ўтказилади. Бу кунларда кузатувчилар фаолиятини қай тартибда амалга оширади, нималарга эътибор қаратиши керак?
Аввало таъкидлаш керак, сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, шунингдек, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга оширади.
Кузатувчилар сайлов комиссияларининг мажлисларида, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида қатнашиши мумкин. Шунингдек, улар сайлов участкасида ҳозир бўлиши, тайёргарлик ишларининг бориши, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиши мумкин.
Овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиши, сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиши ман этилмайди.
Кузатувчиларга тақиқланадиган хатти-ҳаракатлар эса қуйидагилардан иборат:
- сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ё хонасида бўлиш, фуқароларга таъсир ўтказиш, бирор бир ташвиқот материали ё адабиётини тарқатиш мумкин эмас;
- сайловчилардан улар қандай овоз берганлигини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда ёрдам кўрсатиш, сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан, сайлов қутиларини муҳрлашга, уларни очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиш тақиқланади.
Кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларига бориши ҳақида камида уч кун олдин участка сайлов комиссиясини хабардор қилиши керак.
Нигора Суярова,
7-Самарқанд округ сайлов комиссияси аъзоси.