"Кузги тушкунлик": Ундан қандай халос бўлиш мумкин?
Кунлар совуши билан кўпчилик одамлар ўзларидаги руҳий тушкунлик, ишдаги самарадорликнинг кескин пасайиши, тез толиқиш ва ланжликдан шикоят қилишади. Кишида алоҳида сабабларсиз мана шундай руҳий аҳволнинг кузатилишига мавсумий тушкунлик сабаб бўлиши мумкин. Кузги тушкунлик нима? Уни қандай бартараф этиш мумкин?
Бунда инсон кайфиятнинг ҳеч қандай сабабсиз ўзгариб туриши, тез асабийлашиш, тажовузкорлик ёки шунга тескари бўлган ҳолат, ўта бефарқликни бошдан кечиради. Бу ҳолатни ўз вақтида енгил бартараф этиш учун инсон кундалик турмуш тарзи, руҳияти ва танасидаги ҳар қандай ўзгаришларга эътиборли бўлиши зарур.
"Кузги тушкунлик" касаллик ҳисобланмайди ва умуман олганда, хавфли эмас. Шундай бўлса ҳам у фаол ҳаракат қилиш ва одатдаги ҳаёт тарзимизни кечиришга халал берувчи бу кайфият ёмонлашувини тезгина бартараф этган маъқул.
Мавсумий меланхолия асосан ташқи сабабларга кўра юзага келади. Кузда кунлар қисқаргани сабабли танада муҳим гормонлар - серотонин ва мелатонин ишлаб чиқариш сусаяди. Рационда ёзда мўл-кўл бўлган янги резаворлар, сабзавотлар ва мевалар миқдори камаяди. Булар эса руҳиятга таъсир этмай қўймайди.
Ўзингизга ёрдамга шошинг!
Мутахасислар куз мавсумида организм иммун тизими фаолияти самарадорлигини сақлаш учун сут маҳсулотлари, мевалар ва турли дамламалар истеъмолини тавсия этишади. Шунингдек, бўйин қисмида уқалаш курси жуда фойдали экан. У қон айланиши ва мия озиқланишини яхшилайди, мушаклардаги зўриқиш ва бошқа нохуш аломатларни енгиллаштиради ҳамда уйқу бузилиши, бош оғриғини бартараф этади.
Кузда камида 8 соат ухлаш ва уйқуга эрта ётиш жуда муҳим.
Спорт билан шуғулланинг ва оилавий табиат қўйнида ҳордиқ чиқаринг. Югуриш, сузиш каби ҳар қандай жисмоний фаолият тушкунликни енгишга ёрдам беради.
Севимли машғулотларингизга вақт ажратинг. Ёқтирган ижодий машғулотларингиз учун кунига камида 30 дақиқа вақт ажратишга ҳаракат қилинг.
Ёмон одатлардан воз кечинг!
Агар сиз узоқ вақтдан бери чекишни ташлаш ёки қаҳва ичишни камайтириш ҳақида ўйлаётган бўлсангиз, куз - буни амалга оширишнинг айни вақти.
Жисмоний ҳолатимиз руҳий ҳолатимизни бошқаради.
Жисмоний фаоллик жуда муҳим эканини доимо ёдда тутинг.
Серҳаракат бўлинг, дармондориларга бой маҳсулотларни истеъмол қилинг.
Кўпинча беморлар тушкунлик кузатилганда невролог, эндокринолог, кардиологларга мурожаат қилишади - лекин масалага бошқа томондан қаралса ваҳимага ўрин қолмайди. Фақат бу ҳолатлар бир, икки ҳафтада ортда қолиши зарур. Давомли уйқусизлик, бош оғриғи ва тушкунлик эса асаб тизими касалликларининг белгиси бўлиши ҳам мумкин.
Дилора Холиқова тайёрлади.