Лимон ва занжабилли бирикма коронавирусдан ҳимоялайдими?
Интернетда иммунитетни оширадиган рецептлар ҳақида кўплаб маълумотлар берилмоқда, шулардан бири “имбир, лимон ва асал аралашмаси” ҳақида. Рецепт қуйидагича: “500 грамм имбир, 500 грамм лимон қиймалагичдан ўтказилади. Масаллиққа уч ош қошиқ асал солиб аралаштирилади ва музлаткичга қўйилади. Ҳар куни бир ош қошиқдан 100 грамм илиқ сувга солиб, аралаштириб, оч қоринга ичасиз. Ошқозони касалларга овқатдан кейин ҳам мумкин”.
Ушбу тавсиянинг фойдалиги бўйича хулосаларни қуйидагича изоҳлаймиз:
Имбир ўзбек тилида занжабил (Zingiber officinale) - бир паллалилар синфига, занжабилдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўт ўсимлик. Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиёда ўстирилади. Таркибида бириктирувчи моддалар ва цингиберн, шогиол ва гингерол мавжудлиги унга ўзига хос ёқимли ҳид бериб туради, қатор фойдали хоссаларга эгалиги ҳам шундан келиб чиқади. 3анжабил ер ости танасининг ҳамма қисмида эфир мойи бор. Занжабил айниқса калий, фосфор, магний, кальций, натрий, темир, мис, рух, марганец ва C, E, B3, B6, фолий кислотага бой. Бу моддалар иммунитетни мустаҳкамлашда, грипп ва шамоллаш вирусларига қарши профилактикаси ва даволашда қўлланилади. 100 г занжабил 80 ккал энергия беради.
Занжабил қуйидаги таъсирларга эга: Шамоллашга қарши (яллиғланишга), бактерицид, антисептик, антибактериал, антигельминт, терлаш, балғам кўчириш, қувватлантирувчи, спазмолитик, кардиотоник, ошқозон ичак ярасига қарши.
Занжабил илдизи халқ табобатида бир неча минг йиллардан бери ишлатилиб келинади. Туйиб элакланган талқони табобатда жигар, юрак, меъда хасталигини даволашда ишлатилади (асал билан бирга чойнакка дамлаб ичилади). Озиқ-овқат саноатида кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ва пазандачиликда баъзи овқатларга (пишиш олдидан) майдаланган ҳолда зиравор сифатида солиб ишлатилади.
Занжабилли чойни мунтазам ичиш унинг жуда кўп фойдали хоссалари сабабидан тавсия этилади: жигарни тозалаб, ундан заҳарли моддаларни чиқариб юборади, ўт пуфагини соғломлаштиради, организмни ичдан қиздиради, модда алмашинувини яхшилайди, овқат ҳазм қилишни яхшилайди ва иштаҳани оширади, иммун тизимини мустаҳкамлайди, тинчлантирувчи таъсирга эга.
Занжабилни қўллашда монелик қилувчи ҳолатлар: ҳомиладорлик даврининг учинчи триместрида, гўдак болалик эмизувчи ёш оналарга, 3 ёшдан кичик болаларга, тана ҳарорати 38°С дан ошганда. Кимда сурункали гастрит, ошқозон яраси, ўтида тош бўлганда ва эпилепсияда тавсия этилмайди.
Лимон. Лимон ўзида флавоноид моддасини сақлайди. Флавоноид - вируслар, аллерген ва концергенларга қарши курашувчи ягона биологик модификатор ҳисобланади. Лимон шарбати жуда фойдали бўлиб, 12 дан ортиқ макро ва микроэлесментлар, олма ва лимон кислотаси, фитонцидлар, 9 хил витаминларга (С, В2 ва б.) бойдир. Венгриялик олим Альберт Сент-Дьердьи лимон пўстидан Р витаминини ажратиб олган. Кейинчалик Р витамини - биофлавоноидларнинг мажмуаси - ўсиш жараёнининг моддаси, яъни капилляр томирларнинг эгилувчанлигини сақлайди ва мустаҳкамлигини оширади. Бу ўз навбатида, С витамининг тўлиқ сингишига ёрдам беради. Қон босими касалликларида артериал қон томирларини кенгайтириб, босимни меъёрда ушлаб туради. Овқат ҳазм қилиш жараёнида ҳам фаоллик кўрсатади, гижжаларни ҳайдайди, авитаминозларда қўлланилади. Лимон ўзида 48.3 фоиз калий (мия ва нерв тўқималарини озиқлантиради), 29.9 фоиз калций (суяк ва тишларни озиқлантиради), 4.4 фоиз магний (қонда оқсилларни шаклланишида асосий рол ўйнайди). 100 г лимон 29 ккал энергия беради.
Лимоннинг таъми ва хушбўйлиги руҳий зўриқишда самарали ёрдам беради, қусишга қарши таъсирга эга. Ароматерапияда бўғим ва терининг дам олишига ва қон айланишининг яхшиланишига лимондан кенг фойдаланилади. Лимон билан юз териси артилса, юз янада яхшиланади. Лимон шарбати организмдаги лимфатик тизимни тозалайди ва тери тўқималарини мустаҳкамлаб, қон айланишини яхшилайди. Ҳомиладорлик вақтида лимон истеъмол қилиш боланинг суяк тўқималарини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Лимоннинг овқат ҳазмида ҳам фойдаси бор, у оқсил, калций ва бошқа бир қатор витаминларнинг сўрилишига ёрдам берувчи ферментларни ишлаб чиқаради. Шунингдек, лимон қондаги холестерин миқдорини камайтириб, соч тўкилишининг олдини олади. Жигар ва ўт қопининг яхши ишлашига ёрдам беради. Вирусли ва юқумли касалликларга қарши курашда тўлақонли лейкоцитларни шаклланишига кўмаклашади. Лимондан эфир ёғи, лимон шарбати ва цедраси олинади.
Занжабил ва лимоннинг фойдалик хусусиятлари уларни биргаликда қўллаганда анча юқори бўлади. Қадимдан кўпгина касалликларга малҳам бўлган маҳсулотларни излаб топишган. Булар занжабил, лимон ва асални бирга қўллаш жуда хуштаъм бирикма бўлиб, соғлом бўлиш ва узоқ умр кўриш рецепти бўлиб хизмат қилган. Учала маҳсулот ҳам ўзининг хуштаъм ва ширинлиги билан ажралиб туради. Унинг таркибида эфир мойлари , витамин ва минераллар бисёр. Бу каби табиий маҳсулотлар доимо инсон учун фақат фойда келтирган, булар бизнинг ўлкамизда жуда кўп. Шундай экан, улардан умумли фойдаланашимиз ва ўз соғлигимизни асрашимиз лозим.
Шундай бўлса-да, занжабил, лимон ва асалли бирикмани қўллашдан олдин врач билан маслаҳатлашган маъқул, чунки айрим ҳолларда ножўя таъсири борлигини ҳисобга олган ҳолда эҳтиёт чораларини кўриш мақсадга мувофиқдир.
Сайдулло РАСУЛОВ,
тиббиёт фанлари доктори.