Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ливан бош вазири истеъфо эълон қилди

Ливан бош вазири вазифасини бажарувчи Мустафо Адиб 26 сентябрь куни ўзининг истеъфосини ва мамлакатнинг янги ҳукуматини шакллантиришдан бош тортганини эълон қилди. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.

“Истеъфога чиқишимга сиёсий партияларнинг шартимни бажармаганлиги сабаб бўлди. Улар ҳукуматни шакллантириш жараёнини сиёсийлаштиришдан бош тортмадилар”, деди Адиб. Унинг сўзлари телевидениеда тўғридан-тўғри кўрсатилди.

Шу билан бирга, у Франция президенти Эммануэл Макроннинг ташаббуси, Париж томонидан Байрутга ёрдам берилишининг самимий истаги эканлигини, шу сабабли ташаббус қўлланиши кераклигини таъкидлади.

Адиб август ойининг охирида Ливанга бош вазир этиб тайинланганди. Бироқ Франция президентининг 14 сентябрга қадар Ливанда янги ҳукумат эълон қилиниши шартига қарамасдан, у янги ҳукуматни ташкил эта олмади. Ушбу шарт бажарилгач, Макрон октябрь ойида Парижда Ливанга ёрдам кўрсатиш бўйича конференция ўтказилишини ўз бўйнига олган эди. АҚШ ҳукумати томонидан “Ҳизбуллоҳ” шиалар ҳаракати билан алоқадорликда айбланган икки нафар Ливан собиқ вазирига нисбатан бир томонлама санкциялар жорий этилганидан сўнг ҳукуматни шакллантириш жараёни қийинлашди.

Париж мамлакатда ҳақиқий ислоҳотлар бўлмаган тақдирда, Франция ўзининг воситачилик миссиясидан воз кечишини ва халқаро ҳамжамиятни Ливанга ёрдам кўрсатишга кўндиришдан бош тортишини маълум қилди.