“Маъносиз дунё не ҳожат, бир келиб кетмоқми бахт?”
9 май - Хотира ва қадрлаш куни олдидан самарқандлик ижодкорлардан айримларини эслашни лозим топдик. Улардан бири Сирожий тахаллуси билан шеърлар битган журналист ва шоир Самариддин Сирожиддиновдир.
С.Сирожиддинов 1932 йилда Каттақўрғон туманидаги Кичик кўрпа қишлоғида туғилди. Самарқанд давлат университетининг филология факультетини тугатгач, 1970 йиллар бошида вилоят “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетаси таҳририятига ишга келган, мухбир, масъул котиб бўлиб ишлаган.
“Кўнгил оҳанглари”, “Яшил япроқлар” шеърлар тўплами, “Ёрқин уфқлар”, “Аму мавжлари” очерклар тўплами, “Абадийлик” ҳужжатли қисса асарлари муаллифи.
Газета ва журналларда унинг 300 дан ортиқ таҳлилий, танқидий ва илмий мақолалари чоп этилган.
Самариддин Сирожиддинов 1986 йилда вафот этган.
Қуйида шоирнинг шеърларидан бирини ўқийсиз.
***
ДУНЁГА ҚЎШ
Дунё ман дунё бўлиб, дунё мени дунёга қўш,
Жилға-жилға куйларимни мавжи зўр маънога қўш.
Куйламоқ бўлдим, жаҳонни, куйга тўлсин бу жаҳон,
Неки қалбим зоҳир этмиш, сўзга қўш, маънога қўш.
Маъносиз дунё не ҳожат, бир келиб кетмоқми бахт?
Саргаранг бўлмай мени аҳли жаҳон орога қўш.
Зарра-зарра сингдириб, бор дилга олам меҳрини,
Асра шумлардан ва лекин, яхшию аълога қўш.
Бу жаҳон холи эмасдур фитнадан ё рашкдан,
Берма боғлаб шум рақибга дўстга қўш, донога қўш.
Мен учун ким ақли доно бирла дунё баркамол,
Баркамолликни касб этиб, ижрога қўш.
Баркамол сен бахтим чаман, қилсин ёруғ офтоб йўлин,
Толеимни кўркам этгин, гулга қўш, раънога қўш.
Чунки ўйлар бу Сирожий жоно эл бахтини,
Гар тиларсан бахти ёрлиқ, сен мени дунёга қўш.