Маданият марказларида аҳоли маданий дам олаяптими?

Эсингиздами? Қишлоққа кино келгани. Барча қувонч билан кутиб оларди. Ҳа, у вақтларда телевизор, телефон, интернет йўқ эди-да дерсиз. Йўқ, айнан жамоа бўлиб кино, театр кўриш кишига ўзгача завқ бахш этарди. Бугун қишлоқ аҳолисининг маданий дам олишини самарали ташкил этиш мақсадида маданият марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Энди одамлар кенг, ёруғ, барча қулайликларга эга хоналарда маданий дам олиш дастурларини кўриши мумкин.
Ушбу масканларда турли тўгарак, клублар ҳамда фольклор жамоаларининг ташкил этилиши маҳалланинг 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳолиси вақтини мазмунли ўтказишга, санъатга ошуфта қилишга, истеъдодларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, уларнинг маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, Нарпай туман маданият бўлими тасарруфидаги барча марказларда «Қувноқлар ва зукколар» клублари фаолияти йўлга қўйилиб, 288 нафар йигит-қизларнинг бўш вақтлари мазмунли ташкил этилди. Айни пайтда маданият марказларига яқин ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларида «Қувноқлар ва зукколар» клубларининг дастлабки беллашувлари ўтказилди. Ўқув йили бошланиши билан яна бир қатор мактабларда ушбу беллашув ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, марказий маданият уйида ёшларни ҳар соҳада билимларини мустаҳкамлаш учун «Заковат» интеллектуал клуби ташкиллаштирилган бўлиб, 72 нафар иштирокчи доимий қатнашмоқда. Дастлабки ўйинда Ёшлар иттифоқининг туман кенгаши ходимларидан иборат жамоа омадларини синаб кўрди.
2-сон маданият марказида очилган «Парвоз» ижодий ва «Наврўз» фольклор жамоаларида ҳам кўплаб ёшларимиз миллий анъана ва қадриятларимизни ўрганиб, уларни кенг қулоч ёздиришга бел боғлаган. 4-сон маданият марказида эса «Ифтихор» ижодий тўгараги ҳамда «Ёшлар» театр студияси санъатга ихлосманд кишилар билан гавжум. Улар томонидан саҳналаштирилган асарлар аҳоли томонидан илиқ кутиб олинмоқда. Туманимизда жорий йилда тўрт маротаба Каттақўрғон шаҳар мусиқали драма театри жамоасининг спектакллари намойиш этилди. Минглаб нарпайликлар ушбу спектакллардан ҳаётий хулосалар олиб, маданий дам олишди.
Бугун маданият марказлари нафақат аҳолининг маданий дам олишига, балки истеъдодларни шакллантиришга, уларни рағбатлантиришга, эркин ижод қилишга замин яратмоқда.
Хуршид ГАДОЕВ,
Нарпай туман маданият бўлими мудири.