Маданият ва санъат ходимлари тақдирланди

Вилоят мусиқали драма театрида 15 апрель - Маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов соҳа ходимларини касб байрами билан табриклади. Фаол ижодкорларга вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.
- 40 йилдан буён театр ва санъат соҳасида ишлайман, - дейди Самарқанд шаҳар маданият бўлими бошлиғи Рита Маҳмудова. - Кейинги йилларда соҳага эътибор ошди. Жумладан, маданият ва санъат марказларининг моддий техник базаси яхшиланди, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 20 га яқин лойиҳалар амалга оширилди. Маданият ва санъат ходимлари куни белгиланди. Бугун ана шу касб байрамида кўп йиллик меҳнатларим эътироф этилиб, Маданият вазирлиги томонидан "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони билан тақдирландим.
Тадбир давомида «Лазги» ашула ва рақс ансамбли жамоасининг концерт дастури намойиш этилди.