Маҳалла фидойилари тақдирланди

Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан соҳанинг бир гуруҳ фидойи вакиллари “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Жумладан, вилоятимиздан 16 нафар маҳалла фаолларига ушбу нишонларни топшириш маросими ўтказилди. 

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев мукофотларни ўз эгаларига топшириш чоғида маҳалла тизими бугун давлат ва жамият ҳаётида муҳим ўрин ва нуфузга эга бўлиб бораётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари томонидан ўзини ўзи бошқариш органларига қаратилаётган юксак эътибор, берилаётган имкониятлар аҳолининг тинч-тотув яшаши, хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий барқарорликка эришишда муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди. 

– Маҳалла бугун фуқароларнинг ишонч қўрғонига айланди, десак муболаға бўлмайди, – дейди Пахтачи туманидаги Дўнг маҳалласи раиси, “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони соҳиби Абдуназар Халилов. – Чунки, давлатимиз раҳбари томонида оқилона тизим яратилиб, ҳудудларнинг ўзида ҳар қандай муаммога ечим топиш имконияти яратилди. Бугун қуйи бўғиннинг ўзида, маҳалла еттилиги иштирокида барча масалалар жойида ҳал этилмоқда. Шу боис ҳозирги кунда фуқароларнинг юқори органлардан кўра, маҳаллага мурожаати ортган. Уч йиллик фаолиятим давомида ҳудудни жиноят ва ажримлардан холи ҳудудга айлантириб, мавжуд муаммоларни маҳалланинг ўзида ҳал этишга эришдик. Бирорта ҳуқуқбузарлик, ажрим қайд этилган эмас. 

Тойлоқ туманидаги Хончорбоғ маҳалласи профилактика инспектори Обид Султонов маҳаллада иш бошлаганида ҳудуд қизил тоифада бўлган. Бугун эса “яшил” тоифага ўтган ва бунда профилактика инспекторининг хизматлари инобатга олиниб, у “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонига лойиқ кўрилди.

– 2021 йилдан бери ушбу маҳаллада профилактика инспекториман, - дейди Обид Султонов. – Хизмат тақозоси билан Ургут туманидан ушбу маҳаллага оилам билан келиб яшаяпман. Маҳаллада яшаш унинг баланд-пастидан хабардор бўлишга қўл келаркан. Иш бошлаган вақтимда ўнга яқин жиноятлар қайд этилган ҳудуд бугун жиноятдан холи ҳудудга айланди. Бунда маҳалла масъуллари билан биргаликда ҳудудда истиқомат қилаётган фаол нуронийларимизнинг ҳиссаси катта. Улар билан биргаликда амалга оширилган тарғибот тадбирларимиз ўз самарасини бермоқда. Бундан кейин ҳам ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириб, маҳалламиз ободлиги, фаровонлигини таъминлаш йўлида фидойилик билан меҳнат қиламиз.

Тадбирда, шунингдек, тизимда самарали фаолият юритаётган бир гуруҳ маҳалла еттилиги вакиллари вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси билан тақдирланди.