Маҳалла масъуллари малакасини ошириши шартми?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 10 октябрдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида жойларда махсус ўқув курслари ташкил қилинган.
Мазкур курс бугун ҳам керакми? Вазият ва шароит ўзгарган бугунги кунда у қандай бўлиши зарур?
Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курси раҳбари Тоштемир Эргашев билан шу хусусда суҳбатлашдик.
- Малака ошириш давомида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида касбий маҳоратнинг тизимли асосда доимий ўсишини таъминлайдиган билим ва кўникмаларнинг даврий равишда янгилаб борилиши ташкил этилади, - дейди Т.Эргашев. - Бундан ташқари, фуқаролар йиғинларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ижтимоий шериклик механизмларини шакллантириш ва ривожлантиришга кўмаклашиш чоралари кўрилади.
- Қарийб ўн йўналишда амалга ошириладиган малака ошириш давомида ўқув курси ҳам бошқа идора ва ташкилотлар билан ҳаморликда ишлайди, тўғрими?
- Шундай. Фаолиятимизга ташкилий раҳбарлик қилиш вилоят ҳокимлиги томонидан амалга оширилади. Яъни, малака оширишнинг режа-жадвалларини ҳокимлик тасдиқлайди.
Шунингдек, вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси билан биргаликда малака оширишга муҳтож кадрлар контингентини аниқлайди, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ўқув курсларида қатнашишини таъминлаб, малака ошириш курсларидан ўтиши ҳисобини юритади.
Фаолиятимизга ўқув-методик раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси томонидан амалга оширилади.
- Гапларингизга кўра, бу ўқув курсида тингловчилар имтиҳон топшира олмаса, бу ерда ўтказган вақтига “куйиши” мумкин. Шундай бир шароитда уларнинг ижтимоий ҳимояси, бошқача айтганда, қонунда белгиланган ҳуқуқлари таъминланадими?
- Курсимизда тингловчиларнинг малакасини ошириш вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган, тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларига юборилган режа-жадвал асосида амалга оширилади. Якунда тингловчиларнинг билимлари синов имтиҳони асосида баҳоланади. Дастурларда назарда тутилган барча талабларни бажарган ва синов имтиҳонини муваффақиятли топширган тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификат берилади. Имтиҳондан ўтмаган тингловчиларга малака оширишда қатнашганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этилади. Бу уларни эгаллаб турган вазифасидан озод қилиш ёки бошқача таъсир чораси кўришга асос бўлмайди, албатта.
Шунингдек, ўқиш даврида тингловчиларнинг асосий иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи сақланади. Ҳудудлардан келганларга уларни юборган томон ҳисобидан суткалик пул тўланади ҳамда республика доирасидаги хизмат сафарларида белгиланган тартибда ва микдорда ўқиш жойига бориш-келиш йўл ҳақи тўланади.
- Салкам ўн йилдан буён ўқув курси фаолият олиб боряпти. Табиийки, вақт ўтган сари тўпланган тажрибалар, қолаверса, жамият ҳаёти ва бошқа омиллар туфайли муайян ўзгартишларга зарурат туғилади. Шу маънода, маҳалла институти фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳам ўйлаб кўрганмисизлар?
- Албатта, бу фаолиятимизнинг энг муҳим, айни дамда узлуксиз қисми ҳисобланади. Хусусан, маҳалла институти фаолиятини такомиллаштириш учун Давлат хизматлари агентлигидаги хизматларни маҳаллада йўлга қўйиш хусусида таклиф киритяпмиз. Чунки бу орқали аҳолининг транспорт харажатлари ва вақт сарфи қисқаради.
Аслида айни шу таклифнинг ажралмас қисми сифатида маҳалла институтининг молиявий мустақиллигини таъминлаш мақсадга мувофиқ. Негаки, амалдаги қонунга кўра, маҳалла нодавлат-нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Қандайдир хизматларни амалга оширишда шартнома асосида ҳисоб рақамига пул тушириши, ҳосил бўлган маблағларни ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳолини қўллаб-қувватлашга ва фуқаролар йиғини ходимларини моддий рағбатлантиришга йўналтирса бўлади.
Шунингдек, маҳаллаларда социологик ва аналитик таҳлил олиб боришни йўлга қўйиш, бунинг учун тегишли методикани ишлаб чиқиш керак. Бу таҳлил биринчи навбатда, маҳалла институти самарадорлигини ҳамда жамоатчилик назоратини ошириш имконини беради. Ўз навбатида, бошқа соҳаларда ҳам галдаги вазифаларни режалаштириб олиш ва амалга оширилаётган ишларни баҳолаш имконини яратади.
- Тоштемир ака, бугунги фуқаролар йиғини билан кечагисини солиштириб бўлмайди. Қайсики, маҳаллада ишлагани билан турли тузилмалар ходимлари ягона мақсад йўлида ҳаракат қилмайди, назаримда. Демак, ўқув курсини, яъни малака оширишни ҳам янгича асосда ташкил этиш зарурати туғилмаяптими?
- Гапингизга қўшиламан, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, маҳалладаги барча масъулларнинг “турли йўналиш, бир мақсад” тамойили асосида малакасини оширишни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Бунда ўқув курсининг мавжуд имкониятлари, моддий-техник базасидан фойдаланган ҳолда, аввало, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, оила ва хотин-қизлар, маҳаллабай ишлаш ҳамда ёшлар ишлари агентлиги туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари жалб қилинса, айни муддао бўлади.
Кейинги босқичда, табиийки, маҳалла раис (оқсоқол)лари, хотин-қизлар фаоллари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчиларининг малакаси оширилса, тўғри бўлади, деб ўйлайман.
- Лекин бунинг учун сизларда имконият ва салоҳият етарлими?
- Илмий салоҳият етарли. Аммо моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва уни кучайтириш керак. Бу борада вилоят ҳокимлиги ҳузурида “Маҳалла масъуллари малакасини ошириш маркази”ни ташкил этиш ҳақида таклиф киритилган. Унда марказни мустақил ўқув биноси, жиҳозлар билан таъминлаш, тингловчилар учун тураржойлар ташкил этиш сўралган.
Ўйлаймизки, бу ишлар тез кунларда амалга ошиб, вилоятимизда янги тизим ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириб бориш учун зарур шароит яратилади.
Ё.Марқаев суҳбатлашди.