Маҳаллаларда сайлов бошланди: маҳалла раислари яширин овоз билан сайланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати кенгашининг қарорига кўра, 2019 йил май ойида юртимизда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ўтказилмоқда.
Бу галги сайлов 2018 йилда қабул қилинган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонун асосида ташкил этилмоқда.
Аввалги сайловлардан фарқли ўлароқ, эндиликда сайловда фақат фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайланади. Раиснинг ваколат муддати уч йил этиб белгиланди. Сайловда қатнашадиган вакиллар сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши керак. Овоз бериш яширин тарзда, яъни бюллетень тўлдирган ҳолда амалга оширилади.
Вилоятимизда бу йил 1094 маҳаллага раис сайланади.
Кеча, 1 май куни жойларда маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бошланди.
Жумладан, Тайлоқ туманидаги Ғулба маҳалласига раис сайлаш жараёни намунавий тарзда ташкил этилди.
4936 нафар аҳоли яшайдиган мазкур маҳаллада 2780 киши сайлаш ҳуқуқига эга. Улардан 364 нафари сайловда қатнашиш учун вакил сифатида сайланган.
Тайлоқ тадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежи спорт залида ўтказилган сайловда тумандаги сектор раҳбарлари, депутатлар, овоз беришда қатнашадиган вакиллар ва тумандаги маҳаллалар ишчи гуруҳлари раис ва аъзолари иштирок этди.
Тадбир аввалида туман ҳокими Б.Бобоназаров сайлов жараёнига тўхталиб, вакиллар кейинги уч йил учун маҳаллага энг муносиб инсонни раисликка сайлашга эътибор қаратиши зарурлигини таъкидлади.
Маҳаллада сайловни ўтказувчи ишчи гуруҳ раиси С.Каримов сайлов ва овоз бериш тартибларини тушунтирди.
Йиғилиш раёсати ва саноқ комиссияси сайлаб олинди.
“Ғулба” маҳалла фуқаролар йиғини раислигига рўйхатга олинган номзодлар Моҳигул Давронова ҳамда Раҳматулло Мелиқулов вакилларни ўз дастури билан таништирди.
Шундан сўнг 364 нафар вакилдан 292 нафари (89,8 фоизи)сайловда қатнашаётгани маълум қилиниб, уларга сайлов бюллетени тарқатилди.
Вакиллар махсус кабиналарда ўзлари муносиб деб билган номзодни ёқлаб, махсус пломбаланган сайлов қутисига бюллетенни ташлади.
Жараён ниҳоясига етгач, саноқ комиссияси сайлов қутисини ҳамманинг кўз ўнгида очиб, бюллетенларни санади.
Саноқ якунига кўра, М.Давронова 184 та, Р.Мелиқулов 66 та овоз тўплагани айтилди. 42 та бюллетен вакилларнинг нотўғри белгилаши оқибатида яроқсиз деб топилди.
Шу тарзда энг кўп овоз олган Моҳигул Давронова “Ғулба” маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайлангани эълон қилинди.
Ишчи гуруҳ раиси “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 30-моддасига мувофиқ, фуқаролар йиғини кенгашини шакллантириш, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялари ва тафтиш комиссиясини сайлаш учун 18 май куни фуқаролар йиғини йиғилиши ўтказилишини маълум қилди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.