Овоз беришнинг ҳам ўз тартиби бор ёки сайлов натижалари қачон ва ким томонидан эълон қилинишини билиб олинг!
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси учун сайловда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) кун тартибига, қоида тариқасида саноқ комиссиясини сайлаш ҳамда фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш тўғрисидаги масалалар киритилади.
Дастлаб, йиғин иш регламенти, шу жумладан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларнинг маърузалари, уларнинг муҳокамаси, саволлар ва жавоблар учун вақт белгиланади.
Шундан сўнг сайлов бўйича овоз бериш натижаларини аниқлаш учун фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан камида уч кишидан иборат таркибда саноқ комиссияси сайланади.
Йиғинда раислик қилувчи – ишчи гуруҳ раҳбари фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларни эълон қилиб, уларнинг ҳар бирига сўз беради.
Алифбо тартибида ўтказилган маърузаларда номзодлар ўзининг келгуси фаолияти дастурини эълон қилади.
Фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш яширин овоз бериш орқали амалга оширилади.
Жараён тугагач саноқ комиссияси томонидан овоз бериш учун фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) иштирокчиларига сайлов бюллетенлари берилади.
Бюллетень овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдирилади. Овоз берувчи бюллетеннинг ўнг томонида ўзи ёқлаб овоз бераётган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзоднинг фамилияси қаршисида жойлашган бўш катакка «+», «» ёхуд «х» белгисини қўяди ва бюллетенларини сайлов қутисига ташлайди.
Овоз бериш тугаганидан кейин саноқ комиссияси томонидан сайлов қутилари очилади.
Овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланган деб ҳисобланади.
Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) сайлов якунлари бўйича қарор қабул қилади, бу қарор фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади.
Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) баённомаси икки нусхада тузилиб, бир нусхаси сайлов якунларини умумлаштириш учун тегишли туман ва шаҳар комиссиясига тақдим этилади.