Фуқаролар йиғини раиси сайлови ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилиши ҳам мумкин

Такрорий сайлов қандай ҳолларда ўтказилишини биласизми?

Агар фуқаролар йиғини раиси сайловида фуқаролар йиғинида иштирок этувчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ярмидан камроғи иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади.

Шунингдек, фуқаролар йиғини раиси сайлови фуқаролар вакилларининг йиғилишларида ўтказилган тақдирда, агар йиғилишда ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакилларининг учдан икки қисмидан камроғи иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади.

Сайлов ҳақиқий эмас деб топилиши ҳам мумкинми?

Албатта, қонунчиликда бу ҳолат бўйича ҳам аниқ нормалар белгиланган.

Хусусан, фуқаролар йиғини раиси сайлови давомида ёки овозларни санаб чиқишда йўл қўйилган ва овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар туфайли сайлов суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Сайлов ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, шунингдек, такрорий овоз бериш фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайланганлигини аниқлаш имконини бермаса, бундан ташқари, кўпи билан икки нафар номзод кўрсатилган ҳамда улардан биронтаси ҳам сайланмаган бўлса бир ойлик муддатдан кечиктирмасдан такрорий сайлов ўтказилади.

Бунда овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод маҳалла раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланган ҳисобланади.