Маҳаллий сайёҳлар учун кэшбек қайтарилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев шу йил 30 апрелда "Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" Қарор қабул қилди.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисми (“Cashback”) қайтарилади.
Унга мувофиқ:
- авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- темир йўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажатининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархининг 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
саёҳат харажатлари фақатгина Платформа (2022 йил 1 сентябрга қадар ишга туширилади) орқали амалга оширилган ички саёҳатлар учун унинг якуни билан маҳаллий туристларнинг банк карталарига қайтарилади.