Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Туркий билган киши замонни билур”
Туркистон жадидлари сардори Маҳмудхўжа Беҳбудий номи драматург, ношир, “усули савтия” жадид мактабининг асосчиси, моҳир педагог, дарсликлар муаллифи, “Беҳбудия” кутубхонаси ташкилотчиси, жаҳонгашта олим каби ёрлиқлар билан тарих саҳифаларидан ўрин олди.
Юқорида келтирилган таърифлар ҳақида кўплаб далиллар, исботлар келтириш мумкин. Лекин Беҳбудийнинг тилшунослик борасидаги фикр-ғоялари, назарий қарашлари, қолаверса, ўзига хос таълимоти ҳам борки, унинг тилшунос олим сифатида эътироф этилишига асос бўлади. Тил жонкуяри сифатида чор Россияси вакиллари билан олиб борган мабоҳасалари, адиб томонидан қўйилган талаблар орасида ўзбек тилини давлат сиёсати даражасига олиб чиқиш масалалари ҳам олимнинг ҳақиқий миллатпарвар эканлигидан далолатдир.
Тилшуносликнинг бир йўналиши нутқ маданияти ҳисобланади. Жадидларнинг ўзбек нутқи маданиятини ривожлантиришда ҳам ўзига хос ўрни бор. Беҳбудийнинг бу борадаги қарашларини бир томондан миллийликка асосланган таълим усуллари ва замонавий педагогика таъсиридан ажратиб бўлмайди. Зотан, нутқ маданиятига соҳиблик малакалари таълим ва тарбия жараёнларида шакллантирилади. Дунё тилшунослигида тилдан тўғри ва маҳорат билан фойдаланиш қоидаларини ўргатиш, яъни маданий нутқ тузиш йўлларини кўрсатиш билан шуғулланадиган соҳа тил дидактикаси ёки лингводидактика номи билан ҳам юритиладики, бунда нутқ маданияти ва педагогиканинг бир қисми бўлган дидактика ўртасидаги зич алоқа яққол намоён бўлади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзбек лингводидактикаси қатори тилимиз меъёрлашуви, нутқ маданияти ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшди. Тилшунос олим Суюн Каримов ўзининг “Беҳбудий – ўзбек тилининг жарчиси” мақоласида алломанинг нутқ маданияти ва тил меъёри масалаларига ҳам алоҳида эътибор берганлигига тўхталиб ўтади. Муаллифнинг қайд этишича, Беҳбудий 1908 йилда ёзган “Китобат ул-атфол” (“Болалар китоби”) дарслигида тил амалиётига эътиборни қаратиб, ёзма нутқдаги, хусусан, мактублардаги меъёрий ҳолатларга доир мулоҳазаларини баён қилади. Таъкидлайдики, ёзадиган киши ўз муддаосини яхши тушунсин, билмайдиган сўзни ёзмасин, ёзувда имло қоидаларига риоя қилсин, чет сўзларни қўллашдан тийилсин, ўқийдиган одамни ҳам ҳисобга олсин, содда ва тушунарли ёзсин.
Кўриниб турибдики, у болаларни ёшлигидан нутқ маданиятига эътиборли бўлишга, ортиқча сўзларни ишлатмасликка, латиф, қулоққа ёқадиган сўзлардан фойдаланишга чақиради. Ёшликдан тўғри ёзиш ва барчага маъқул келадиган адабий тилда ёзиш кўникмасини шакллантириш масаласини ўртага қўяди.
Беҳбудийнинг ўзбек тилининг ҳақиқий жонкуяри сифатидаги фаолияти публицистик мақолалари ва бадиий асарларидагина ўз аксини топмаган. У чор Россияси вакилларига бир неча марта мурожаат қилиб, ўз даври таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, давлат тили бўйича бир қатор таклифлар берган. Масалан, “Турк адами марказият (федералист) фирқасининг маромномаси” ва “Турк адами марказият фирқасининг низомномаси”ни ишлаб чиққан. Бу лойиҳаларда ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларини яхшилаш борасида берилган тавсиялар қаторида тил таълими ислоҳотларига доир фикрлар бор.
Беҳбудий император вакили бўлиб келган граф Паленга Туркистон халқининг турмуш тарзи тўғрисида тақдим этган “Лойиҳа-проект”ида ҳам “закўн ва судья бизға жабр қилмайдур, балки тил билмаганимиздан, закўн билмаганимиздан, замондан хабарсизлигимиздан жабр кўрармиз”, деб ёзган эди.
Таъкидлаш жоизки, Беҳбудий яшаган даврда тилга бўлган назарий қарашлар бир-биридан кескин фарқ қилган. Айрим жадидлар ўзбек тили таркибига асрлар давомида ўрнашиб қолган форс ва араб тилларидан воз кечиш масалаларини олға сураётган бўлса, бошқалари Туркистон ҳудудида қўлланадиган шева ва лаҳжаларни адабий тил меъёрларига киритиш лозимлигини қайд қиларди. Туркистонда доимий равишда уч тилда – туркий, арабий, форсий тилларда фаолият олиб борилганлигини яхши англаган Беҳбудий замон сиёсати ва талабини ҳам ҳисобга олади. Ўз миллатдошларига рус ва Европа тилларини ўрганиш зарурлигини уқтиради.
“Ойина” журналининг 1915 йилги 11-12-сонларида чоп этилган “Тил масаласи” мақоласида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг тил фалсафаси, ижтимоий вазифаси ва лексикасига оид мулоҳазалари ўз ифодасини топган.
Беҳбудий Туркистонда адабий тил ҳануз бир меъёрга келтирилмаётганидан афсусланади. Шева ва лаҳжалар бирлашиб, меъёрлаштирилган адабий тил асосида сўзлаш ва ёзиш лозимлигини таъкидлайди. Шунинг учун ҳам мақоланинг муҳим бир қисмини тилни мумкин қадар соддалаштириш ва адабийлаштириш борасидаги қарашлари ташкил этади. Россия ва Кавказ мусулмонлари матбуотини таққослаб ўрганиши, “Вақт”, “Шўро”, “Юлдуз” журналларини солиштириши натижасида уларнинг матбуот тили сўзлашув тилидан (муаллиф уни кўча тили, авом тили, содда тил деган номлар билан атайди – Д.Р.) бир неча даража юқори эканлигини ва кун сайин такомиллашиб бораётганини қайд этади.
Матбуот нашрларини, илмий асарларни сўзлашув тилида ёзиш мумкин эмас. Илм-фан ва касб-ҳунар ривожланиб бормоқда. Ҳозирча нарса-ҳодисаларни ўзга тилдаги номлар билан атамоққа мажбур бўлмоқдамиз. Уларни ўз тилимизда ифодалаш учун нарсаларга туркий ном қўядиган жамиятлар барпо этиш лозим.
Адибнинг тил ҳақидаги қарашлари ўнлаб асарларида баён этилган. Аммо иккита мақола – “Икки эмас, тўрт тил лозим” ва “Тил масаласи” мақолалари бевосита ушбу масалага бағишлангани билан аҳамиятли.
“Икки эмас, тўрт тил лозим” мақоласида тўрт тилни билишнинг илмий аҳамиятини асослаб берган бўлса, “Тил масаласи” асарида дунё илму фанидан хабардор бўлмоқ учун рус, немис, француз, инглиз, итальян, араб, япон тилларидан бирини билмоқ керак, деган ғояни илгари суради. Дарҳақиқат, дунё аҳли билан мулоқотга киришишнинг, мамлакат ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётига дахлдор бўлишнинг, илм-фан, таълим-тарбия, адабиёт ва санъат билан машғул бўлишнинг энг самарали йўли – тил билиш эканлигини бугунги ҳаётнинг ўзи ҳам исботлаб турибди.
Дилафрўз Раҳматова.