Мактаб директори нега депутатлар томонидан танланяпти?
Мактаб директори илгари қандай тайинланарди? Келинг, гапни шундан бошласак.
Қуйида қайд этиладиган тартиб жорий этилгунга қадар мактабларда кузатув кенгаши фаолият олиб борган бўлиб, кўпинча унга маҳаллада яшовчи кишилар аъзо қилиб қўйиларди. Шунинг учун ҳам мактаб директорининг номзоди кенгаш раиси, аъзоларининг қариндоши ёки яқин дўсти томонидан тасдиқланарди. Тасдиқланган номзод туман халқ таълимига тавсия қилинарди.
Ўз навбатида номзодни туман халқ таълими бўлими вилоят халқ таълими бошқармасига тавсия этарди. Қисқаси, директор тайинлаш масаласида мукаммал тизим жорий этилмаган эди. Хўш, энди-чи?
Жараён шаффоф бўлади
Қўлдош Саидов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари:
- Илгари мактаб директорини тайинлаш масаласида шаффофликка тўлиқ амал қилинмас эди. Шунинг учун ҳам эски тартибдан воз кечишга қарор қилинди. Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида мактаб директорини лавозимга тайинлашнинг янгича тартиби белгиланди.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб умумтаълим муассасалари директорлари тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан танланадиган бўлди. Бунда дастлаб туман (шаҳар) халқ таълими бўлими томонидан вакант директорлик лавозими вазирликнинг ish.uzedu.uz сайтида, даврий нашрларда эълон қилинади.
Номзодлар вазирликнинг ушбу сайти орқали танловда иштирок этиш ҳақида ариза беради. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлими томонидан директорликка талабгорларнинг малака талабларига мослиги ўрганилади. Сўнгра номзодлар вилоят халқ таълими бошқармасига тавсия этилади. Асосий жараён шундан кейин бошланади. Умумтаълим муассасасининг бўш директор лавозими учун ҳудудий халқ таълими бошқармаси киритган номзодлар халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан танловдан ўтказилади.
Номзодлар танловда тегишли умумтаълим муассасаси кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастури билан иштирок этади. Депутатлар томонидан энг яхши 3 йиллик дастур эгаси танлаб олинади ва лавозимга тайинлаш учун вилоят халқ таълими бошқармасига тавсия этилади. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан танлаб олинган номзод ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан 3 иш кунида умумтаълим муассасаси директори лавозимига расмий буйруқ билан тайинланади.
Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас, шаффофлик асосида тайинланган мактаб директори йил якунида (ёки Кенгаш белгилаган муддатда) халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига 3 йиллик дастури бўйича бажарган ишлари юзасидан ҳисобот беради.
Бугунги кунга қадар ушбу тартиб бўйича Қўшработ туманида 8 та, Оқдарё туманида 2 та, Жомбой туманида 2 та, Каттақўрғон шаҳрида 2 та умумий ўрта таълим мактабига директор тайинланди.
Аслида шаффофлик дегани шу. Номзод дастури билан ўзини кўрсата олса, ҳақиқатда раҳбарликка муносиб бўлса, депутатлар ўша номзодни танлаяпти. Фақат бу жараён босқичма-босқич бўлгани боис тайинлаш суст кетяпти. Агар халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг сессияси ўтиб кетган бўлса, ушбу масала кейинги сессияга қолдириляпти. Шунинг учун бўш директорлик жойи ҳақида 3 кун ичида туман (шаҳар) халқ таълими бўлими эълон бериши керак. Шунда тизимли жараён тезлашади ва таълим муассасаларига янги тартибда белгиланган талаблар асосида шаффофлик тамойилига биноан муносиб номзодлар ўз вақтида тайинланади.
Депутатлар номзодни рад этди Шуҳрат Тоғаев, Каттақўрғон шаҳар халқ таълими бўлими мудири:
- Янги тартиб асосида директорлар тайинланиши айни муддао бўлди. Яқинда Каттақўрғон шаҳридаги 6- ва 15-умумий ўрта таълим мактабларига депутатлар танлови асосида директорлар тайинланди. Директорликка номзодларга малака талаблари қўйилган. Масалан, номзод камида бакалавр таълим йўналишида олий маълумотга, раҳбар ёки ўринбосар вазифасида 3 йиллик меҳнат стажига эга бўлиши керак. 6-умумий ўрта таълим мактабига 5 нафар номзод ариза берган бўлиб, улар ичида 2 нафари раҳбарлик лавозимларида 3 йиллик меҳнат стажига эга бўлмагани учун тавсия этилмади. Қолган 3 нафар номзод ичидан муносиб деб топилгани депутатлар томонидан танланди.
Шавкат Қўшбоқов, Қўшработ тумани халқ таълими бўлими мудири:
- Февраль ойида 8 та мактабга вакант жойлар учун директорлар янги тартибда тайинланди. Фақат тумандаги 19-умумий ўрта таълим мактабига қўйилган 3 нафар номзоддан бирортаси ҳам депутатлар томонидан тасдиқланмади. Сабаби, улар сессияда ўзларининг 3 йиллик дастури билан депутатлар ишончини қозонмади. Депутатларнинг саволларига етарлича жавоб беролмади. Янги тартибнинг шуниси афзалки, бунда ҳеч ким таниш-билишчилик қила олмайди. Муносиби топилмаса, қўйилмайди. Ушбу масала кейинги сессияга қолдирилди.
Замира Исанова, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати:
- Мактаб директорлигига номзодлар туман (шаҳар) Кенгашининг навбатдаги сессиясида ўзининг 3 йиллик дастури билан қатнашади. Сессияда ҳар бир номзодга 20 минутдан вақт берилади. Номзод шу вақт ичида депутатларга мактабда таълим сифатини ошириш, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига қамровини кенгайтириш, инновацион усуллар асосида дарс ўтишни йўлга қўйиш каби режалаштирган ишлари ҳақида ҳисобот беради. Яқинда Каттақўрғон шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги сессияда ҳам депутатлар иккита мактабга директорлик учун ариза берган номзодларга овоз берди. Бунда энг яхши 3 йиллик дастур тузган номзодлар директорликка лойиқ деб топилди.
Зиммамизга масъулият олдик Манзура Абдураҳимова, Оқдарё тумани 27-умумий ўрта таълим мактаби директори:
- Тумандаги 27-умумий ўрта таълим мактаби «қизил» тоифага киритилган мактаблардан бири бўлиб, 2 йилдан бери ўқувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга кирмаган экан. Депутатлар номзодлар ичидан мени директорликка лойиқ кўришди. 2017 йилдан буён тумандаги 47-умумий ўрта таълим мактабида ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаганман, 21 йиллик меҳнат стажига эгаман. Мен учун янги бўлган жамоада ўқитувчиларнинг тажриба ва салоҳияти яхши. Фақат ота-оналар фарзандларини кўпроқ уй юмушларига жалб қилар экан. Мен ота-оналар билан гаплашиб, фарзандининг келажагига бефарқ бўлмасликка чақирдим. Насиб бўлса, бу йил мактабни «қизил» тоифадан чиқарамиз.
Музаффар Оқбўтаев, Қўшработ туманидаги 6-умумий ўрта таълим мактаби директори:
- Интернет орқали эълондан хабардор бўлгач, ish.uzedu.uz сайтига ҳужжатларимни тақдим қилдим. Бунгача Жиззат политехника институтининг кимё-технология факультетида ўқитувчи бўлиб ишлаганман. Халқ депутатлари туман Кенгашининг 2021 йил 23 февраль куни бўлиб ўтган сессияда депутатлар томонидан 3 йиллик дастурим маъқулланди. Дастуримда мактабнинг моддий-техник базасини кучайтириш, ўқитувчилар салоҳиятини ошириш каби босқичма-босқич режа ишлаб чиқилган. Бугун ушбу режаларим асосида ишни бошладим. Дастлаб ҳомийлар топиб, энг яхши ўқиган юқори синф ўқувчиларига стипендия жорий қилдим. Ҳозирча она тили, математика, биология, кимё фанларидан 4 нафар ўқувчига 50 мингдан 100 минг сўмгача стипендия тайинладим. Кейинги ойдан инглиз тили фани бўйича ҳам яна 3 нафар ўқувчига стипендия тайинлашни режалаштиряпмиз. Ушбу таълим даргоҳи «қизил» тоифадаги мактаблар қаторида, яъни битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи ачинарли аҳволда. Шунинг учун ҳам мактабимизга ТАТУ Самарқанд филиали профессор-ўқитувчилари бириктирилган. Улар кўмагида ҳам янги режалар ишлаб чиқяпмиз.
Демак, мактаб директорларининг янги тартиб асосида тайинланиши халқ таълими тизимида таниш-билишчилик, коррупция каби иллатларга барҳам беради, деган умиддамиз.
Хуршида Эрназарова,
«Зарафшон» мухбири.